Тошкент – Афғонистон бўйича тинчлик музокаралари мезбони

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси доирасида 26 март куни пойтахтимизда «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» форматида ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашуви ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Қайрат Абдрахманов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хаджиев ва Еврокомиссия президенти ўринбосари, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини минтақалараро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Афғонистон Евроосиё минтақасидаги ноёб стратегик ва трансчегаравий имкониятларга эга мамлакат сифатида Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Минтақа халқларини умумий тарих, дин, маданият ва урф-одатлар бирлаштириб туради. Тинч Афғонистон Марказий Осиё мамлакатларига Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига энг қисқа йўл орқали чиқиш, Ҳиндистон, Эрон ва Покистонни Европа ва бошқа минтақалар билан боғлаш имконини беради. Шу боис нафақат Марказий Осиё, балки қўшни минтақалардаги барқарорлик ва изчил тараққиёт Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилиши билан узвий боғлиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ Афғонистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада фаоллаштириш ҳамда ушбу мамлакатда тез фурсатда тинчлик, барқарорлик ўрнатилиши, унинг иқтисодий ва транспорт инфратузилмаси тикланишига кўмаклашиш тарафдори эканини билдирди. Давлатимиз раҳбари энг нуфузли минбарлардан туриб, Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш стратегик аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Хусусан, Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳамда ноябрь ойида Самарқандда БМТ шафелигида ўтказилган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусида халқаро конференциядаги нутқларида Марказий Осиёдаги хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “яхлит хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш зарурлиги, қўшни мамлакатдаги тинчликка фақат музокаралар билан эришиш мумкинлигини таъкидлади. Зеро, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шартидир.

Президентимиз шу нуқтаи назардан жаҳон афкор оммаси эътиборини афғон можаросини ҳал қилишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш эканига қаратди.

Халқаро таҳлил марказлари қайд этаётганидек, Тошкентда Афғонистон бўйича ўтказилаётган юқори даражадаги халқаро конференция Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсати стратегиясининг амалий натижаси сифатида ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро миқёсдаги қўшма саъй-ҳаракатларга кенг йўл очади.

Кейинги пайтларда Ўзбекистон – Афғонистон ҳамкорлигини ривожлантиришда изчил ўсишга эришилди. 2017 йилда мамлакатларимизнинг дўстона муносабатлари томонлар ҳамкорлиги учун янги истиқбол эшикларини очди. Давлатларимиз раҳбарларининг мунтазамлик касб этган мулоқотлари биргаликдаги ҳамкорликка янги суръат бағишлади. Президентлар дўстона, самимий ва ўзаро ишончга асосланган мулоқотни йўлга қўйишга эришдилар. Ўтган йил декабрь ойида Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат муносабатларида янги саҳифа очди.

Ташриф якунига кўра, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларга оид 20 ҳужжат имзоланди. Ҳужжатларнинг аксарияти нафақат Афғонистон ва Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун стратегик аҳамият касб этади. Жумладан, ўзбекистонлик мутахассислар томонидан «Мозори Шариф – Ҳирот» темир йўли ва «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш линияси қуриш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши Афғонистон иқтисодиёти ривожланиши ва афғон халқи турмуши яхшиланишига хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг Афғонистонга дўстона муносабати, мамлакатимизнинг афғон халқига кўмаклашишга тайёр экани рамзи сифатида Термиз шаҳрида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилди. Марказда айни пайтда афғонистонлик 96 йигит-қиз таҳсил олмоқда.

Мамлакатларимиз вазирлик ва идоралари ўртасида ўзаро мулоқот фаоллашди. Ўтган бир ярим йил ичида Афғонистондан мамлакатимизга 20 дан ортиқ делегация ташриф буюрди. Қайд этиш керакки, бундай кўламдаги делегациялар алмашуви ўзбек – афғон муносабатларида илгари кузатилмаган. Буларнинг барчаси икки томонлама ҳамкорликка янгича шукуҳ бағишламоқда.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилаётган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги халқаро конференция дунё ҳамжамиятининг Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига ғоят муҳим ҳисса бўлиб қўшилади. Чунки бу нуфузли форумда бошқа конференциялардан фарқли ўлароқ, афғон муаммосини ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилиши кутилмоқда. Унда иштирок этиш учун 25 давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари Тошкентга келди.

Жумладан, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи сиёсий маҳкамалари раҳбарлари ташриф буюрди. Конференция ишини ёритиш учун 300 га яқин оммавий ахборот воситаси аккредитациядан ўтказилди. Жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Россия, Япония ва Марказий Осиё мамлакатларининг етакчи телеканаллари, ахборот агентликлари ва нашрлари кенг ёритмоқда.

Тошкент конференцияси олдидан пойтахтимиздаги «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида ўтган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» форматида ташқи ишлар вазирларининг учрашувида мазкур конференцияни ўтказишнинг амалий жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.

Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари Европанинг 2019 йилда ЕИнинг минтақамизга оид янгиланган стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилишга доир режасини маъқуллади ҳамда Марказий Осиё давлатларининг мазкур жараёнда фаол иштирок этишига доимо тайёр эканини билдирди.

Учрашувда, шунингдек, минтақада иқтисодий, ҳудудлараро йўналишлардаги ҳамкорликни, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, илмий ва таълим соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Тадбирда Афғонистондаги аҳволни барқарорлаштириш ва пойтахтимизда ўтказиладиган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги Тошкент конференцияси арафасида ушбу давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Европа Иттифоқи томонидан Марказий Осиё давлатларининг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, уни ҳудудий иқтисодий ва инфратузилма алоқаларига жалб қилишга доир саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши бўйича фикр алмашилди. Шу билан бирга, 27 март куни Ўзбекистон пойтахтида иш бошлайдиган Афғонистон бўйича юқори даражали халқаро конференциянинг делегация раҳбарларига киритиладиган якуний Тошкент декларацияси дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган глобал муаммони бартараф этиш йўлидаги ғоят улкан қадам бўлиши таъкидланди.

Ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашувини жорий йилнинг иккинчи ярмида Брюссель шаҳрида ўтказишга қарор қилинди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон Президентининг минтақада барқарорликни таъминлашга доир ташаббуси Афғонистондаги вазиятни тинч музокаралар йўли билан ҳал қилиш учун шароит яратиш дунё ҳамжамиятининг ҳам хоҳиш-истаги экани ва келгусида Марказий Осиё бўйлаб истиқболли ҳамкорлик муҳитини яратишидан далолатдир.

 

ЎзА