Маълумки, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгаришлари сабаб қишлоқ хўжалигида қийинчиликлар ва маҳсулотлар тақчиллиги юзага келмоқда. Бундай шароитда, энг аввало ерларни асраш, муҳофаза қилиш ҳамда улардан тўғри ва самарали фойдаланиш талаб этилади.

Шу боисдан сўнгги йилларда мамлакатимизда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ер муносабатлари соҳасида қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, ерларнинг ҳисобини олиш, давлат ер кадастри маълумотларини тўғри юритиш ишлари фаоллашиб, рақамлаштириш жараёнларига ўтказилди.

Айни вақтда мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча тоифадаги ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ва республика ер фондини тўлиқ қамраб олиш тизимини такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Республика аэрогеодезия маркази бўлим бошлиғи Дилшод МУРОДОВ куйидагиларни сўзлаб берди.

– Юртимиздаги ҳар қарич ернинг ҳисобини олиш, қишлоқ хўжалиги ерлари билан боғлиқ муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш, ер ресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хатловдан ўтказиш жараёнида ер турлари, тоифалари ва ундаги ўзгаришлар, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларнинг ҳисобида бўлган ерлар чегаралари, географик жойлашуви ва бошқа барча маълумотлар аниқланиб, электрон тизим орқали ҳисоби юритилади.

Шу ўринда айтиш жоиз, 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида рақамли иқтисодиётни асосий “драйвер” соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баравар ошириш белгиланган. Шу жиҳатдан, лойиҳани юртимизда кечаётган фаол рақамлаштириш ишларининг бир қисми дейиш мумкин.

Айни вақтда юртимизда жами 44 миллион 892 минг гектар ер майдони мавжуд. Бу майдони 0,44 квадрат километрни ташкил этувчи дунёдаги энг кичик давлат — Ватикан ерлари билан солиштирганда, бир неча миллион баробар кўп дегани. Демак, бизнинг қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни ривожлантириш имкониятларимиз ҳам анча юқори.

Юртимиздаги ер майдонлари фойдаланиш мақсади ва тартибига кўра саккиз тоифага — қишлоқ хўжалигига мўлжалланган, аҳоли пунктлари, саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга ҳамда табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган,  тарихий-маданий аҳамиятга молик, ўрмон фонди, сув фонди ва захира ерларга бўлинади. Шундан асосийси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўлиб, уларнинг умумий майдони 22 миллион 116 минг гектарни ташкил этади.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни кенгайтириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, ерларни қайта фойдаланишга киритиш, лалми ва яйлов ерларни ўзлаштириш юзасидан суғориш қудуқларини қазиш, насос агрегатларини ўрнатиш ҳамда янги мевали боғлар ва токзорлар барпо этиш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ер майдонлари хатловдан ўтказилиб, ҳисоб-китоби ҳам мунтазам янгилаб бориляпти.

Ҳозир ер бўйича барча муносабатлар қонуний ва янги тартиблар асосида амалга оширилаётганини ҳисобга олсак, хатлов натижаларида акс эттириладиган ердан фойдаланувчилар номлари, уларнинг манзили, майдони ва чегаралари бўйича маълумотлар муҳим экани кўринади. Қолаверса, хатлов натижаларидан ер кадастри маълумотларини янгилаб бориш, ердан фойдаланувчиларнинг ягона солиқ ставкаларини ҳисоблаш ишларини бажаришда ҳам асосий ҳужжат сифатида фойдаланилади.

Тизим аҳоли учун ҳам қатор қулайликлар тақдим этади. Яъни, қишлоқ хўжалиги ерларини рўйхатдан ўтказиш нафақат маълумотлар базасини шакллантириш, балки англашилмовчилик туфайли ердан фойдаланувчиларнинг ортиқча солиқ тўлашлари ёки ердан ноқонуний фойдаланиш каби ҳолатларнинг олдини олади. Мазкур рўйхат барча учун очиқ бўлиб, исталган киши геопортал орқали кўчмас мулк жойлашган вилоят, туман ёки шаҳар номи, кадастр рақами, давлат рўйхатидан ўтган сана, ҳужжат ва амалдаги ер майдони каби маълумотларни очиқ ва шаффоф кўриши мумкин.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ер умуммиллий бойлик ҳисобланади. Умуммиллий бойлик тушунчаси эса мамлакат ер фондининг умумий тарзда давлат мулки эканлигини англатади. Бошқа табиий ресурслар каби ер ҳам давлат муҳофазасида бўлгани сабабли ундан оқилона, тўғри ва илмий асосланган тарзда фойдаланиш лозим.

Бугунги кунда Республика аэрогеодезия маркази мутахассислари томонидан нафақат қишлоқ хўжалиги, балки барча турдаги ер майдонларини хатловдан ўтказиш, “Аргис” дастурида электрон маълумотлар базасини яратиш ишлари амалга оширилмоқда. Хатлов ишлари замонавий усул ва технологиялар, юқори аниқликдаги ўлчов асбобларидан фойдаланган ҳолда бажарилади. Аввалгидек, ҳар қарич ерни жойида ўлчаб, қоғозларда қайд этиш ҳозир ўзини сира оқламайди.

Бугун ер майдонларини ўзи учар қурилмалар ўлчаб, электрон тизимлар рўйхатга оляпти. Қатор хорижий давлатлар, хусусан, Швейцариянинг “Leica” компанияси билан доимий ҳамкорлигимиз йўлга қўйилган. Жараёнда корхона ишлаб чиқарадиган TS02, TS11, GS10 ва GS18 маркали юқори аниқликка эга электрон тахеометрлар, GPS қурилмаларидан кенг фойдаланамиз. Улар тизимдаги ҳисоб-китоб ишларида хатога йўл қўйиш эҳтимолини деярли йўққа чиқаради, адашишга йўл қўймайди.

Хатлов ишлари асосан 3 босқични қамраб олади. Биринчи босқич дешифровка ишларидан иборат. Яъни, ҳар бир ердан фойдаланувчининг контурлари ҳамда топоэлементлари хатловдан ўтказилиб, такрорланмас янги контур рақамлари берилади. Шу асосида электрон рақамли қишлоқ хўжалиги хариталари ва қайдномалари яратилади. Иккинчи босқичда ана шу харита ва қайдномалардан фойдаланган ҳолда, ҳар бир ердан фойдаланувчини контурлари сонидан қатъи назар, битта объект сифатида хатловдан ўтказиб, алоҳида тартиб рақами берамиз. Сўнгги, учинчи босқичда “Аргис” дастурига киритилган хатлов натижалари асосида турли масштаблардаги қишлоқ хўжалиги хариталари яратилади.

Бугунга қадар юртимиз бўйлаб жами 137 та тумандаги 5 минг 389 та маҳаллада хатлов ишлари якунига етказилиб, ер кадастри маълумотлари янгиланди. Хатлов ўтказилган ҳудудларнинг умумий майдони 9 миллион 567 минг гектар бўлиб, ер участкаларига жами 327 минг 625 та такрорланмас контур рақамлари қўйиб чиқилди.

Хатлов ишлари 2023 йилда якунланиши режалаштирилган. Бунда республиканинг 28 та туманида ер ресурсларини хатловдан ўтказиш ишлари бажарилади. Олинган натижалар асосида ер ресурсларининг ҳолати бўйича таҳлилий маълумотлар, ҳисоботлар тайёрланади ҳамда ерларнинг миқдорий ҳисобини тўлиқ ва тўғри юритиш тизимини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади. Аммо бу билан ишлар ниҳоясига етмайди, электрон тизимдаги маълумотлар доимий янгиланиб борилади.

 

Шаҳноза Маматуропова  

ёзиб олди