Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтида 11 фeвраль – Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар кунига бағишланган илмий-маърифий тадбирлар дастури доирасида “Исломда аёллар ҳуқуқлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Анжуман доирасида Ислом динида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги, аёлларнинг мерос, маҳр, никоҳ каби масалалардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, оилавий муносабатлар ҳамда шариат қоидалари, исломга оид манбаларда аёллар ҳуқуқлари, замонавий ислом мамлакатларида аёллар ҳуқуқларининг Конституциявий кафолатларига бағишланган маърузалар эшитилди.

Мамлакатимизда гендер тенглик масаласида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, миллий қонунчиликда аёллар ҳуқуқларининг асосларига алоҳида урғу берилди.

Шунингдек, бадиий ижод вакиллари билан ижодий учрашув ўтказилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Г.Жумаева, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабалари иштирокида тайёрланган мусиқий дастур даврага ўзгача руҳ бағишлади.

Анжуман якунида ёш олималар учун “Илмий-тадқиқотлар олиб боришнинг инновацион усуллари” мавзусида тренинг бўлиб ўтди. Унда мавзу танлаш, манбалар билан ишлаш, тадқиқотни амалга ошириш, илмий мақола ёзиш ва уни чоп этиш, илмий стартап лойиҳалар яратиш ва ютиб олишнинг самарали йўллари хусусида сўз юритилди.

 

ЎзА