Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов иштирокида брифинг ўтказилди. Қайд этилишича, 2022 йилда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасига жами 98 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz) орқали келиб тушган мурожаатлардан 6 таси қаноатлантирилган, 17 тасига тушунтириш берилган ҳамда қолган 18 таси тегишлилиги бўйича бошқа ташкилотларга юборилган.

Таҳлиллар натижасида аксарият мурожаатлар уюшма тизимидаги йирик ишлаб чиқарувчи корхоналарга ишга кириш ва тиклаш, мутахассислиги бўйича ишлаш юзасидан 35 та мурожаат, ижтимоий тўловлар – иш ҳақи, моддий ёрдам, компенсациялар бўйича 6 та мурожаат, раҳбарият қабулига кириш, шикоятлар каби масалалар бўйича 6 та мурожаат қилинган.

Ушбу таҳлиллар асосида уюшма ҳамда тизим ташкилотлари билан биргаликда мурожаатларни тизимли ўрганиш, уларни қонуний ҳал этиш бўйича доимий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. 2022 йилда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасига жами 87 та топшириқ юклатилган эди. Берилган топшириқларнинг барчаси ўз муддатларида бажарилди.

Ҳисобот даврида ҳудудларга ташрифлар якунлари бўйича иқтисодиёт тармоқлар ва ижтимоий соҳани ривожлантириш юзасидан ўтказилган йиғилишларнинг 7 та баённомасида уюшмага белгиланган 7 та топшириқ бажарилди. 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ўтказилган йиғилишларнинг 16 та баённомасида уюшмага белгиланган барча топшириқ бажарилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари ва фармонларида уюшмага белгиланган 64 та топшириқнинг барчаси бажарилди.

Маълумот учун, айни пайтда мамлакатимизда жами 10 мингга яқин қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият кўрсатади. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси таркибида эса 158 та корхона мавжуд. Қурилиш материаллари соҳасида 2022 йилда жами 30,7 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

 

ЎзА