Таиланднинг марказий қисмидаги мактабларнинг бирида муаллим 100 нафар ўқувчини сочини олиб ташлаш билан жазолади, деб ёзмоқда мамлакатда чиқадиган Bangkok Post газетаси.
Нашрнинг ёзишича, ушбу воқеа ҳақида ижтимоий тармоқларда видеотасвир тарқалганди. «Видеокадрларда ўқитувчи эрталабки йиғилишда қўлида қайчи ушлаб ўқувчиларнинг сочини тартибсиз равишда кесаётганини кўриш мумкин. Синфхона полида соч уюмлари кўриниб турибди», – дейилади газета берган хабарда.
Таиланд таълим вазири Тринуч Тхиентхонг давлат органларига ўқитувчи ва мактаб директорига нисбатан суриштирув ишларини бошлашни сўраган. Вазирнинг таъкидлашича, «жазо сифатида сочни олиб ташлаш мақбул эмас ва бунга йўл қўйиб бўлмайди».
1972 йилда Таиланд ҳукумати мактаб ўқувчиларининг ташқи кўринишлари бўйича қатъий тартибларни ўрнатди. Ўқувчилар учун ягона дресс-код белгиланди, жумладан, соч узунлиги борасида ҳам. Агар ўқувчи ушбу тартибларга амал қилмаса ўқитувчилар уларнинг сочини олиб ташлашига рухсат берилганди.
2020 йил баҳорда эса Таиланд таълим вазирлиги ўқувчиларнинг ташқи кўриниши, жумладан, соч узунлиги бўйича белгиланган тартибларни бекор қилди. Шунга қарамай, кўпчилик мактаблар мазкур кўрсатмаларни инобатга олмай, эски тартибларга амал қилишда давом этмоқда, дейилади РИА Новости тарқатган хабарда.