Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиб бериш ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида “Инсон қадри учун” тамойили асосида барча жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиб бериш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда биринчи навбатда умумтаълим мактаблари, болалар боғчалари, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт объектлари, ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси, газ таъминоти ҳамда ободонлаштириш билан боғлиқ муаммоларга ижобий ечим топишда барча имкониятлар ишга солинмоқда. Натижада, “Меҳр ҳаракати” доирасида шаҳар ва туманлардаги барча 424 та фуқаролар йиғинидаги 367 мингдан ортиқ хонадон бирма-бир ўрганиб чиқилди. Бу ишларни самарали ташкил этиш мақсадида шаҳар ва туманларга масъуллар бириктирилиб, қишнинг қировли совуқ кунларида оғир турмуш шароитида яшаётган оилаларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилди. Бу эзгу ишга шаҳар ва туманларга бириктирилган Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари муносиб ҳисса қўшмоқда.
“Меҳр ҳаракати” доирасида ўтказилган ўрганишлар натижасида оғир ҳаёт шароитидаги 21 минг 94 та хонадоннинг том қисмини таъмирлаш (ёпиш), яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги 709 та уй-жойни янгидан қуриш лозимлиги аниқланди. Шароити оғир оилалар ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда овул ва маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Мазкур қарор асосида 363,9 миллиард сўм маблағ ҳисобидан хонадонларда қурилиш-таъмирлаш ва Оролбўйининг жанубий туманларида 2000 километр тупроқ йўлга қум-шағал ётқизиш ишларини олиб бориш белгиланди.
Жумладан, Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа ва Амударё туманларидаги хонадонларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларига 112,3 миллиард сўм давлат бюджети параметрларида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан, қолган шаҳар ва туманлардаги хонадонларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларига 231,6 миллиард сўм Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳокимликларининг маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан, ушбу тўртта туманда 2000 километр ички йўлларга қум-шағал ётқизиш ишлари учун 20 миллиард сўм Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира фонди ҳисобидан ажратилиши белгиланган.
Тадбир сўнггида уй-жойларнинг том қисмини таъмирлаш (ёпиш) ҳамда яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уй-жойларни янгидан қуриш, шунингдек, тупроқ йўлларга қум-шағал ётқизиш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш, энг муҳими, аҳолининг бугунги ҳаётидан розилигини таъминлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири