Франциянинг “Orano Mining” компаниясининг кончи, геолог ва технологик жараёнлар бўйича мутахассис ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳи “Навоийуран” давлат корхонасига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 21-22 ноябрь кунлари Франция давлатига расмий ташрифи доирасида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги (аввалги Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси), “Навоийуран” давлат корхонаси ҳамда Франциянинг “Orano Mining” компанияси ўртасида уран қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича уч томонлама Стратегик ҳамкорлик бўйича келишув имзоланган эди.

Унга асосан баҳолаш ҳисоботини тақдим этиш ва техник ҳамкорликнинг йўл харитаси бўйича батафсил ҳаракатлар режасини тузиш учун геологлар, гидрогеологлар, тоғ-кон ва технологик муҳандислардан иборат Ишчи гуруҳ тузилганди.

Дастлаб компания вакиллари “Навоийуран” давлат корхонаси бош директори Жаҳонгир Ҳасанов ва бошқа масъул раҳбарлар билан учрашди. Унда Стратегик ҳамкорлик бўйича келишув доирасида амалга ошириладиган ишлар ва Ишчи гуруҳи олдида турган вазифалар муҳокама қилинди ҳамда корхонанинг умумий фаолияти бўйича маълумот берилди.

Компания вакиллари “Навоийуран” ДКнинг таркибий бўлинмалари – “Зафаробод” кон бошқармаси, “Учқудуқ” ва “Нуробод” ишлаб чиқариш майдонлари ҳамда уларга қарашли кон ва ишлаб чиқариш цехлари фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишдилар..

Ушбу ҳамкорлик келгусида уран хомашё базасини барқарор ривожлантириш, уни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилади.

А.Бўриев,  

ЎзА