Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси қўшни давлатлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватлангани туфайли Марказий Осиёда сиёсий мулоқот фаоллашди ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди. Давлат раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувлари йўлга қўйилиши натижасида минтақада икки ва кўп томонлама ҳамкорлик даражаси янги босқичга кўтарилди.
Минтақа мамлакатларининг барча соҳаларда ўзаро дўстлик, яқин қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган муносабатлари сифат ва мазмун жиҳатидан янада бойиб бормоқда. Хусусан, парламентлараро мулоқотни кучайтириш, мавжуд ҳар қандай тўсиқларни биргаликда бартараф этиш устувор йўналишга айланган.
Форумнинг биринчи кунида Сенат Раиси Т.Норбоева Марказий Осиё давлатлари парламент делегациялари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди.
Шундан сўнг делегация аъзолари Туркистон шаҳридаги тарихий маданий ёдгорликлар билан танишди, шу жумладан, Ҳазрат Хўжа Аҳмад Яссавий мавзолейини зиёрат қилди.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми йиғилиши бугун – 10 февраль куни бўлиб ўтади. Унда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва бу жараёнда парламентларнинг ролини фаоллаштириш каби масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
ЎзА