Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, 7 февраль – “Халқаро Интернет хавфсизлиги” куни муносабати билан “Реалликнинг рақамли трансформацияси: муаммо ва ечимлар” мавзусида амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуман доирасида “Замонавий ахборот майдонининг тартибсиз манзараси”, “Рақамли медиа трансформацияси”, “Замонавий медиамаконда дезинформацияга қарши кураш йўллари”, “Интернетда сифатли контент тайёрлаш услублари: сторителлинг, лонгрид ва ВЕБ ҳужжатли фильм” каби мавзулар муҳокама қилинди.

ЎзЖОКУ профессор-ўқитувчилари, журналист, блогер ҳамда университет талабалари иштирок этган конференцияни ўтказишдан кўзланган мақсад – шиддат билан ўзгариб бораётган рақамли муҳит шароитида медиаманипуляциядан, фейклар таъсиридан сақланишнинг янги усуллари, дезинформация, мисинформация, малинформация қолаверса, медиа-ахборот саводхонлигининг технологик ва психологик асосини талабаларга ўргатиш.

Бундан ташқари бугун ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ёлғон ахборотларнинг инсон руҳиятига таъсири, айнан шундай муаммоли вазиятда журналист қандай йўл тутиши тўғрисида таҳлилий мисоллар келтирилди.

Бугунги журналистиканинг энг илғор кўриниши интернет журналистика экани ҳеч биримизга сир эмас. Боиси, матбуот ёки телеканалларда бирор хабар чиққунига қадар ижтимоий тармоқда кенг муҳокамага сабаб бўлганини кўрасиз. Демак биз бугун ёш журналистларга ресурслардан тўғри фойдаланиш йўллари ҳамда шаффофликни таъминлашлари лозимлигини тушунтиришимиз зарур.

Айнан шундай амалиётчилар билан ташкил этилган учрашув ёш журналистлар учун жуда ҳам муҳим ҳисобланиши баробарида мазкур конференция ушбу соҳа вакилларига малака ва тажриба, журналистик меҳнат самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Б.Худойбердиев,

ЎзА