Алишер Навоий ҳам туркий, ҳам форсий тилда ижод қилган, она тилининг жозибали имкониятларини, латофатини кўрсатиб бера олган ҳассос шоирдир. Ҳазрат Навоийнинг улуғлиги шундаки, у сўзнинг қадрига етган, унинг бетимсол қудратини намоён эта олган. Шу боис бу зот нафақат туркий халқларнинг буюк шоири, балки Шарқу Ғарбда «Сўз мулкининг султони», дея эътироф этилади.
Алишер Навоий дунё маданиятининг мумтоз вакилларидан биридир. Унинг асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг мероси билан қизиқмоқда, асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадаларидан завқ олмоқда.
Мен Ўзбекистонда 2020 йилда, пандемия бошланишидан сал аввалроқ бўлдим. Бу юртда кўрган-кечирганларим, адабиёт, хусусан, Алишер Навоий ижоди билан яқиндан танишганим «Янги девон» шеърлар тўпламини ёзишга илҳомлантирди. Не бахтки, улуғ шоир ғазаллари сурури бугун ҳам қалбимни, руҳимни ёритиб турибди.
Биласиз, ҳазрат Навоий асарлари инглиз тилига кам таржима қилинган. Шу боис унинг ғазалларини мутахассислар билан бирга инглиз тилига ўгиришга киришдик. Натижада «Алишер Навоийнинг 12 та ғазали» китоби чоп этилди. Бундан ташқари, Чўлпон, Нодира ва Увайсий шеърларини инглиз тилига ўгирдик. Ҳозирги кунда Анбар Отин, қорақалпоқ шоирлари Бердақ ва Ажиниёз шеърлари таржимаси устида ишлаяпмиз.
Тан олмоқ жоиз, Алишер Навоий ғазалларини таржима қилиш ҳар қандай ижодкорга катта ғурур бағишлайди. Аммо очиғини айтганда, беназир шоирнинг асарларини инглиз тилига ўгириш ғоят машаққатли иш. Чунки, ҳазрат Навоий асарлари тилини ҳам, улардаги бебаҳо маънони ҳам ҳар ким тушунавермайди. Қолаверса, унинг ғазалларидаги ҳар қандай мисра бир неча маъно беришини яхши биламиз. Тасаввуфий иборалар истифода этилган шеърларни инглиз тилида мухлисларга етказиб бериш янада қийинроқ.
Буюк сўз даҳосининг жаҳон адабиётига қўшган ҳиссаси беқиёс. Аммо катта мерос ва мақом эгаси бўлган мутафаккирнинг асарларини дунё тилларига ўгиришда, тарғиб этишда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар талайгина. Мақсадим – ана шу хайрли ишга камтарона бўлса-да, ҳисса қўшиш.
Бугунги кунда Алишер Навоий билан боғлиқ яна бир лойиҳа — унинг айрим ғазаллари ва рубоийларининг нашрлари иллюстрацияси, яъни темурийлар қўлёзма китоблари анъаналари асосида миниатюра расмлари, хаттотлик ва китоб безатиш лойиҳасида қатнашяпман. Ўйлайманки, бу ҳам ҳазрат Навоий ижоди бойлигини кўз-кўз қилиш, уни дунёга янада кенгроқ танитишга хизмат қилади.
Эндрю СТАНИЛАНД,
Буюк Британиялик шоир ва таржимон