Жорий йилнинг 2-9 февраль кунлари Париж шаҳрида “Premiere Vision” тикув маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида ташкил этилган ушбу анъанавий халқаро кўргазмада 120 давлатдан соҳа вакиллари қатнашди.
Улар қаторида Ўзбекистондаги учта ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона кўргазмада ўз имкониятини намойиш этди ва 11 та корхона вакиллари бизнес-форумда иштирок этди.
Кўргазмада қатнашаётган Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Osborn Textile” корхонаси маркетинг бўлими бошлиғи Дилором Дадаметова Париждан ЎзА мухбирига интервью берди.
– “Premiere Vision” тикув маҳсулотлари кўргазмасида корхонамиз фаолияти ва имкониятларини хорижликларга таништирганимиздан жуда хурсандман, – деди Д.Дадаметова. –Халқаро майдонда соҳа ютуқлари билан яқиндан танишиш, ўтказилган бизнес форумдаги маърузалар орқали янгиликлардан хабардор бўлиш корхона ривожига хизмат қилади.
Уч кун давом этган кўргазма бугун ўз ишини якунлайди. Шу уч кун давомида “Osborn Textile” корхонамиз томонидан ишлаб чиқарилган ип-калава маҳсулотларига иштирокчиларнинг қизиқиши катта бўлди. Кўргазмада қатнашишдан мақсад корхона маҳсулотларини намойиш қилишдан иборат эди. Шу сабабли, бу имкониятдан самарали фойдаланиб, маҳсулотимизга қизиққан хорижлик корхоналар билан музокаралар ҳам олиб бордик.
Таъкидлаш керакки, “Premiere Vision” тикув маҳсулотлари кўргазмаси йилига икки маротаба ташкил этилади. Кўргазма бутун мода саноати вакилларини бир муҳим ва илҳомлантирувчи бизнес марказга чорлайди. Ўз ғоялари билан улашиш ва янги коллекциялар яратиш учун 120 мамлакатдан 63 мингдан ортиқ мутахассислар бу ерда жам бўлди. 2 мингдан ортиқ экспонентлар мода бозорининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида ўзларининг энг янги коллекцияларини тақдим этди. Шу сабабли, ушбу йирик намойишда соҳанинг ҳар бир вакили қатнашиши лозим, деб ўйлайман.
Ана шундай халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида корхонамиз “Premiere Vision” тикув маҳсулотлари кўргазмасида 2019 йилдан буён қатнашиб келмокда. Бу эса корхона фаолиятини янада ривожлантириш, халқаро бозор талабларига мос равишда маҳсулотлар ишлаб чиқаришга замин яратмоқда.
Бугунги кунда корхонамиз 100 фоиз пахта толасидан иборат ва аралашган таркибдаги бўялган ва меланж ипларни ишлаб чиқаради. “Premiere Vision” кўргазмаси маҳсулотимиз учун потенциал харидор излаш, ишлаб чиқаришда янги ғоялар ва янги хомашё топиш, шунингдек, тўқимачилик саноатининг янги йўналиш ва тенденцияларини кузатиш имкониятини беради.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди