Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Мир Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллигига бағишланган илмий, адабий, маданий кеча бўлиб ўтди.
Кечада сўзга чиққан Суғд вилояти Ҳукумати ижтимоий тараққиёт ва жамоат билан алоқа бўлими мудири, филология фанлари доктори Тожибой Султоний, академик Бобожон Ғафуров номли Хўжанд давлат дорилфунуни ректори, тарих фанлари доктори Аюбжон Усмонзода, Ўзбекистоннинг «Ватандош» жамоат хазинаси Раиси Одилжон Сатторов Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг фақат ўзбек адабиётида эмас, балки жаҳон адабиётида ҳам тутган муҳим ўрни, устоз-шогирд Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий тамал тоши қўйган ўзбек-тожик дўстлигининг айниқса кейинги йилларда мустаҳкамлангани борасида аниқ мисоллар келтириб сўзлашди. Тамал тошини янгилаш ва мустаҳкамлашда Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари ҳурматли Шавкат Мирзиёев ва муҳтарам Эмомали Раҳмон қўшган беқиёс ҳисса таъкидланди.
Илмий, адабий, маданий кечада ўзбекистонлик таниқли адабиётшунос олим Сайфиддин Рафиддинов, тожикистонлик адабиётшунос олимлар Феруза Қаюмова ва Абдусамад Эрмуҳамедов Алишер Навоийнинг оламшумул ижоди, унинг илм ва адаб аҳлига ғамхўрлиги, фақат ўзбек (турк) тилида эмас, балки тожик (форс) тилида ҳам гўзал асарлар битганлиги, мутафаккир шоир ижодининг Тожикистонда ўрганилиши борасида маъруза қилишди.
Ўзбекистонлик истеъдодли шоирлар – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг бош маслаҳатчиси Салим Ашур, «Шарқ Юлдузи-Звезда Востока» журналлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауфнинг шеърлари, тожикистонлик таниқли театр ва кино актёри Абдуқодир Яҳёев ўқиган Алишер Навоий монологи кеча ҳуснига ҳусн қўшди. Хўжандлик таниқли ҳофизлар мумтоз ашулалар, жумладан, Алишер Навоий ғазалига бағишланган ашулалар ижро этишди.
Ҳазрат Мир Алишер Навоийга бағишланган тадбирлар Тожикистоннинг бошқа шаҳар ва қишлоқларида ҳам бўлиб ўтмоқда.
ЎзА