Ҳар йили 9 феврал куни бутун дунёда профессионал байрам – Халқаро стоматологлар куни нишонланади.
Маълумотларга қараганда, стоматология тиббиётнинг энг қадимий йўналишларидан бири. Тиш шифокори ҳақида илк манбалар милоддан аввалги 7500 йилга мансуб. Покистон ҳудудида келиб чиқиши сунъийлиги аниқланган бир текис тешиклари мавжуд тишли одамлар қолдиғи топилган. Бу қабрларнинг ёши, тахминан, тўққиз минг йил.
Тиш даволаш билан боғлиқ биринчи таъриф милоддан аввалги уч минг йилликка тўғри келади. Ўшапайт Ниппур (Ироқ) шаҳрида тиш даволаш учун дори-дармон ёзилган рецепт-хатлар топилган.
Тарихий манбаларда келтирилишича, тиш ва оғиз бўшлиғи касалликлари, бундай хасталикларнинг олдини олиш ва даволаш Гиппократ тўпламида, Аристотель асарларида ва Қадимги Рим шифокорлари ёзувида муҳокама қилинади. Қадимги протезлар ҳам маълум бўлиб, этрусклар маданиятига тегишли.
Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарида тишнинг чиқиши, инсон ёшига қараб ўсиши ва тузилиши ҳақида маълумот берилган. Тиш ва оғиз бўшлиғи касалликларининг кўплаб белгилари, ўша даврда маълум бўлган даволаш усуллари, тишни парваришлаш бўйича тавсиялар келтирилган.
XVI аср ўрталарида француз жарроҳи Амбруаз Паре тишни олиб ташлаш учун асбоб ясайди, жарроҳлик техникаси, тиш ва жағни кесиш, тишни тиклаш ва бошқа усулларни ишлаб чиқади.
Яна бир фаранг олими Пьер Фошар (1690-1762 йиллар) эса касб ва фан сифатидаги стоматология асосчиси ҳисобланади. 1728 йил у соҳадаги илмий ва амалий билими тизимлашган илк жарроҳлик ва стоматология қўлланмасини нашр этди. Фошар, шунингдек, ортодонтияга асоссолиб, оғиз бўшлиғида протезни маҳкамлаш учун пружина, тиш учун олтин қопқоқ ихтиро қилди ва сунъий тиш тожини ёпиш учун чинни массадан фойдаланишни жорий қилди.
XIX асрдаги икки ихтиро – стоматология ўриндиғи ва бурғулаш мазкур соҳа амалиётида чинакам инқилобий ўзгариш ясади.
Механик стоматология кафедраси муқобили аср бошида Америкада мавжуд эди. Юз йиллик ўрталарига келиб Американинг “SS White Company” фирмаси гидравлик ўриндиқ баландлигини созлаш механизмига эга биринчи стоматология стулини ишлаб чиқарди. Ўриндиқ темирдан ясалгани ва тери билан қоплангани даволаш жараёнида антисептик воситадан фойдаланиш имконини берарди.
1864 йил инглиз стоматологи Жорж Харрингтон соат каби калит билан ўралган биринчи моторли маткапни ихтиро қилди. Икки дақиқа ишлайдиган бу мослама кучли шовқин чиқарар, фойдаланиш учун ноқулай эди.
Орадан етти йил ўтгач, америкалик стоматолог Жеймс Беалл Моррисон оёқли маткап яратди ва ҳамкасблари орасида жуда тез машҳурликка эришди. Кейинчалик стул ва маткап дизайни кўп бор такомиллаштирилди.
Стоматологтайёрлайдиган махсус мактаблар ҳам XX асргача пайдо бўлган. Бундай таълим масканлари 1840 йил Балтимор (АҚШ)да очилган, сўнгра Англия, Франция, Швейцария, Россия ва Германияда пайдо бўлган.
Кимё, биология, физиология синггари табиий фанлар жадал ривожланиши стоматология тараққиётига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Шу билан бирга тиш шифокорининг касбий тайёргарлигига қўйиладиган талаб кучайиб бориши, технология жадал янгиланиши ихтисослашган тиббиёт фанлари яратилишига туртки берди.
Мамлакатимизда стоматология соҳасидаги юқори малакали тиббиёт кадрларини халқаро талаблар ва стандартлар даражасида тайёрлаш мақсадида 2014 йил Тошкент давлат стоматология институти ташкил этилди. Ушбу таълим даргоҳида замонавий талабга мос келадиган ўқув ва моддий-техника базаси яратилди. Бу ерда илғор ахборот-коммуникация ва таълим технологияси жорий этилган. Дарслар бўлажак стоматолог мутахассислар назарий тайёргарлигини амалий кўникма билан чамбарчас боғлиқ ҳолда мустаҳкамлаб боришга асосланган.
Бугунги кунда стоматология тиббиётнинг юқори технологияли, тез ривожланаётган соҳаларидан бири. Замонавий ютуқлар туфайли тишни даволаш жараёни, ҳатто, яқин ўтмишдагига қараганда анча оғриқсиз ва сифатли амалга оширилишига эришилган.
Халқаро стоматологлар кунидан ташқари 6 март айрим мамлакатларда Миллий стоматологлар куни сифатида нишонланади. 1790 йилнинг шу куни америкалик Жон Гринвуд стоматологик бурғу ихтиро қилди. Ушбу сана мутахассислар эътиборини тишни тўғри ва мунтазам парваришлашга жалб қилиш мақсадида нишонланади.
Юртимизда, гарчи, махсус саналар кенг нишонланмаса-да, тиш шифокорларининг инсонлар учун хизмати беқиёс. Зеро, бошқа хасталиклардан фарқли ўлароқ, уй шароитида, дори-дармон ёрдамида даволаш имкони жуда кам бўлган тиш оғриғи азоби ҳақида барчамиз яхши тасаввурга эгамиз. Кўпчилигимиз тез-тез “қўли енгил”, тажрибали стоматологлар хизматига эҳтиёж сезиб туришимиз ҳам бор гап.
Касб байрамингиз муборак бўлсин, стоматологлар!
Гўзал Сатторова, ЎзА