АОКАда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан 2023 йилги Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Давлат дастури лойиҳасида вазирлик ва идоралар томонидан жорий йилда амалга оширилиши керак бўлган вазифалар белгиланмоқда. Хусусан, бунда Давлат дастурининг биринчи йўналиши “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Жумладан, 2023 йилги Давлат дастури лойиҳасида маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш кутиляпти.

Давлат бошқаруви органлари фаолиятини “Фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиш кўзда тутилмоқда. Бунда республика ижро этувчи ҳокимият органларини ташкил этиш ва тугатиш асослари ва мезонлари уларнинг ваколатлари ҳамда жавобгарлик соҳаларини аниқлаштирган ҳолда амалга оширилади.

Шунингдек, Давлат дастури лойиҳасининг 5-мақсадли йўналишида ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш давом эттирилади. Мисол учун, Давлат дастури лойиҳасининг 9 бандида вазирлик ва идораларнинг функция ва вазифаларини қайта кўриб чиқиш белгиланмоқда.

Бунда вазирлик ва идораларнинг такрорланадиган 168 та вазифа ва 301 та функциялари мақбуллаштириш нуқтаи назардан кўриб чиқилади. Фаолияти самарасиз деб топилган ва давлат-ҳокимият ваколатлари берилган 40 дан ортиқ идоралараро коллегиал органлар мақбуллаштирилади, зарурат бўлганда уларнинг вазифалари тегишли идораларга ўтказилади.

Давлат дастури лойиҳасининг 10-бандида Давлат бошқаруви тизимида адлия органлари тизимининг ҳуқуқий мақомини қонун ҳужжати билан мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда. Хусусан, ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш ҳамда ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш борасида адлия органлари фаолиятини мустаҳкамлашга қаратилган “Адлия органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Шу билан бирга, Давлат бошқаруви тизимида маъмурий аппаратни ихчамлаштириш ва иш жараёнларини мақбуллаштиришга қаратилган давлат дастури лойиҳасининг 6-мақсадида Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг иккинчи босқичи доирасида ҳудудлардаги бошқарув тизимини ислоҳ қилишни давом эттириш кўзда тутлмоқда. Бунда маҳаллий давлат ҳокимияти ижро органларининг фаолияти чуқур таҳлил қилган ҳолда уларнинг фаолиятини такомиллаштириш ва ташкилий тузилмасини мақбуллаштириш, бўйсунув тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифларни тайёрлаш белгиланмоқда.

Шунингдек, Давлат дастури лойиҳаси билан мамлакатимиздаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш ҳам назарда тутилмоқда. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарига ҳукумат аъзоларининг, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан парламент эшитувларини ўтказиш ташаббуси ҳуқуқини бериш каби қатор муҳим вазифалар кўзда тутилмоқда.


ЎзА