Туркия Республикасининг бир неча ҳудудида содир бўлган кучли зилзила туфайли миллионлаб инсонлар ҳаловатини йўқотди. Дўст ва қардош турк халқи бошига тушган бу фалокат Ўзбекистон ҳукуматини ҳам бефарқ қолдирмади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан мамлакатдаги талафот оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш мақсадида  8 февраль куни  соат 23:00 да Мудофаа вазирлигининг 71 нафар малакали ҳарбий хизматчиларидан иборат тиббий отряди Туркия Республикасига жўнаб кетди.

Сафар олдидан Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан ҳарбий хизматчиларга тегишли йўриқнома берилди.

9 февраль куни Туркия вақти билан соат 5:34 да қидирув-қутқарув тадбирларида иштирок этадиган ушбу тиббий отряд Туркиянинг Газиантеп аэропортига қўнди.

Ҳарбий-тиббий отряд таркибида тажрибали тиббиёт ходимларидан ташқари кинологлар (хизмат итлари билан) ва таъминотчилар ҳам бор. Улар ўз йўналиши бўйича барча керакли анжом ва ускуналар билан таъминланган.

Шунингдек, дори-дармонлар ва юз нафар беморга мўлжалланган ётоқ жойлари мавжуд.

ЎзА