Бош прокуратура томонидан Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети фаолияти ўрганилганида бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди.

Олий таълим даргоҳига ўқишга қабул қилишда қонунчилик талаблари бузилиб, қабул жараёнларининг шаффофлиги таъминланмаган.

Хусусан, ижодий имтиҳонларни ўтказиш учун ўнта йўналиш бўйича уч кишидан кам бўлмаган таркибда комиссия шакллантирилмаган.

21 спорт тури бўйича ўтказилган ижодий имтиҳонларда айнан бир шахс бир вақтда комиссияларга раислик қилган. 24 таълим йўналиши бўйича 189 нафар абитуриентнинг имтиҳон натижалари баённомаларда ҳаққоний акс эттирилмаган. 26 нафар абитуриентнинг ижодий имтиҳон натижалари баённомаларда кўрсатилмасдан, асоссиз баҳоланган.

От спорти, хоккей, фигурали учиш, тоғ чанғиси бўйича спорт иншоотлари мавжуд бўлмасада, 500 нафардан ортиқ абитуриент шу йўналишларга ўқишга қабул қилинган. 90 нафар абитуриентнинг ижодий имтиҳон баллари ошириб қўйилиб, талабаликка қабул қилинган.

Оқибатда ижодий имтиҳонлардан энг юқори балл тўплаб, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган 30 нафар талаба биринчи семестр якуни бўйича қониқарсиз баҳо олган.

Худди шу каби қонун бузилиш ҳолатларига университетнинг Фарғона филиалида ҳам йўл қилган. Жумладан, ўқишга қабул квоталари сунъий равишда оширилиб, 3 минг 160 ўринли университетга 13 минг 634 нафар ёки сиғимга нисбатан 4,5 баравар кўп талаба қабул қилинган.

Кейинги икки йилда талаба ва ўқитувчилар томонидан жами олтита коррупциявий ва бошқа турдаги 23 жиноят содир этилган.

Текшириш давомида ўтказилган тадбирда талабалар Д.И. ва Ж.С. фуқаро Ғ.М.ни ўқишга киритиш учун ундан 5 минг доллар олган вақтида ушланган.

Бундан ташқари, 587 нафар ўқитувчи ва ходимларга 1,2 миллиард сўм рағбатлантириш пуллари ҳамда ўтилмаган дарс соатлари учун 172 миллион сўм маблағ ноқонуний тўланиб, талон – торож қилинган.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


ЎзА