Ўйланаман…
Ўйланаманки, нималарни ўйлаган экан бу ўйчан сатрлар қаламидан тўкилаётганда оташнафас шоирамиз Ҳалима Худойбердиева? Нималар безовта қилган экан опамизнинг хаёлот осмонини? Араблар, мўғуллар, истилоси, ёки чор Россияси босқинлари остида эзилган Андижонми? Балки, Дукчи Эшон етакчилигида зулмга қарши бош кўтарган халқ қўзғолончилари нақадар ваҳшиёна жазолангани, уларнинг 18 нафари минглаб одамларнинг кўз ўнгида дорга осилгани, Мингтепа, Қашғар, Тожик қишлоқлари уч кун давомида муттасил тўплардан ўққа тутилиб, култепага айлантирилганими? Эҳтимол, “Нодиранинг қул кунлари, шоҳ кунлари”, “Моҳларойим кетаётган ароба, Умархон тўй аробасин шовқинлари…” ёхуд азон айтилмасдан обдастада сув иситиб турган келинчакларнинг ҳуркак оҳудайин ерга қараб туришлари-ю, сўнгра “орқа билан юриб чиқиб кетишлари” ўйга толдиргандир ардоқли шоирамизни…
Ўйланаман…
Ўйланаманки, бугун, ҳозир, мана шу ерда, шаҳри Андижоннинг энг баланд, энг муборак, энг азиз ва муқаддас манзилларидан бўлмиш Боғишамол тепалигида, менинг ўрнимда бўлганида нималарни ўйлаган, нималарни ёзган бўлар эдилар “Кўнглида кўнглининг минг синиғи”, “Кўнглида ғамларнинг ўткир тиғи” бўлган шеъриятимиз маликаси? Имоним комилки, У: “Тенгсизга чопарлар, тенглига бормас, Минг қўйлига борар, мунглига бормас. Тўйига, уйига борар, во дариғ, Ҳеч ким бир-бирининг кўнглига бормас” деган аччиқ аромонзада мисралар ўрнига: “Мен Туроннинг қадим қўнғироғимен, Жаранг берсам қир-даласи уйғонар…” дея ҳайқирган бўлар эдилар. Андижоннинг ҳозирги қиёфасини кўрган, бу қадим кент тупроғида чаппар уриб камол топаётган дов-дарахтларга маҳлиё бўлган, Ватан учун жонфидо юртдошларининг юмушларидан ифтихор туйган шоиранинг бошқача ёзиши мумкинлиги мутлақо тасаввурга сиғмайди.
Сиғмайди!
Нафақат Ҳалимахоним, балки, Абдулла Орипов ёхуд Мирзо Бобур ҳазратлари ҳам бошқача ёзмас, ёзолмас эдилар менимча. Асло!
Шулар ҳақида ўйлаганда, тафаккур қилганда ўз-ўзидан бир ҳақли савол жаранглаб кетгандек бўлаверади: хўш, бундай юксалишлар, эврилишлар замини нимада?! Асрлар мобайнида минг-минг машаққатларни бошдан ўтказган Андижон қандай қилиб сўнгги 5- 6 йил орасида асрларга ибрат бўлгулик ютуқларга муяссар бўлаётир?
Ёш болага ҳам аён ҳақиқат шулки, ҳеч нарса осмондан “тап” этиб ерга тушмайди. Боғ жамоли – боғбондан, юрт ободлиги – Юртбошидан, дейдилар. Боғбони миришкор бўлса, боғлар гуркирайди, яшнайди; Юртбошиси юртпарвар халқнинг эса дастурхони тўкин, кўзи тўқ, ўзи тўқ, мамлакати обод бўлади. Халқни қўзғатиш, бирлаштириш, қалқитиш, ўзига, сўзига, эртанги кунларига ишонтириш эса…
Саратонда қўли совқотадиган, булут сояси ҳам оғирлик қиладиган дангасалар, бекорхўжалар ҳамма замонларда бўлган. Ундай такасалтангларни меҳнатга ундаш, ўроқ танлайдиган ишёқмас ўроқчини, тешаси тошга чега қоқадиган тиришқоқ одамлар қаторига қўшиш учун эса, эҳ-ҳе!..
Ўйланаман. Ва, беихтиёр давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизнинг барча шаҳру қишлоқлари қаторида Андижон ва андижонликларга бўлган меҳру муҳаббати, улар билан бўлган учрашувларда, суҳбатларда айтган сўзлари, фикрлари, ташаббуслари, азиз халқининг бахту саодати йўлида жонини қийнашлари, куйиб-ўртанишлари баайни кино тасмаларидек хаёл кўзгусида жонланаверади.
2016 йилнинг 1 ноябри.
Шавкат Мирзиёев илк марта худди шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида Бўстон (аввалги Бўз) туманига бориб, ҳокимлик биносида сайловчилар билан катта учрашув ўтказган эди. Орадан ярим йил ўтар-ўтмас, бу сафар энди мамлакат Президенти сифатида яна Андижонга келди. Сўнг яна ва яна амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш юмушлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш ҳамда аввал берган топшириқлари ижросини таҳлил қилиш мақсадида бир неча марта ташриф буюрди қадим Андижон заминига. Ташрифлар вилоят тақдирида чуқур излар қолдирди.
Тарихий воқеаларнинг яна бири 2019 йилнинг 16 май кунида содир бўлди. Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев Андижонга келиб, 2018 йилнинг 19-20 май кунларидаги ташрифда берилган вазифалар ва уларнинг натижаларини батафсил таҳлил қилди.
2018 йилда инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1,8 триллион сўмга тенг бўлган 411 та лойиҳа бажарилгани, 12 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилгани, хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 20,7 миллион АҚШ доллари миқдорида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқилгани, Олтинкўл туманида йилига 33 миллион жуфт тиббий қўлқоп ишлаб чиқариш қувватига эга йирик корхоналар фойдаланишга топширилгани тилга олинди.
Бундан ташқари, 211,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Хитой, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, АҚШ, Ҳиндистон, Исроил сингари дунёнинг 15 дан ортиқ давлатларига экспорт қилингани; сув, электр таъминоти ва йўл қурилиш соҳасида амалга оширилган ишлар салмоқли бўлгани, жумладан, бир йилда умумий қиймати 305,6 миллиард сўм бўлган 305 дона сув қудуғи, 1 минг 228 километр сув ва 608,7 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи қурилиб, 670 километр узунликдаги ички йўллар таъмирлангани; 294 та трансформатор ўрнатилиб, “Обод қишлоқ” дастури доирасида вилоятдаги 50 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилгани ва шунинг натижаси ўлароқ, қатор маҳаллалар намунали маҳаллага айлантирилиб, одамлар учун муносиб турмуш шароити яратилгани ҳам сўзсиз беадоқ ифтихор бағишларди қалбларга.
Аммо, Президентнинг кўнгли тўлмади. Хусусан, Хонобод шаҳридаги ўзгаришларнинг талаб даражасида эмаслиги, шаҳарни обод қилишга оид топшириқларнинг айримлари тўлиқ бажарилмагани қониқтирмади куюнчак ва талабчан Юртбошимизни.
Президентнинг олдинги келишида шаҳардаги аҳвол ўрганилиб, ўрганишлар асосида 2017-2019 йилларда Хонобод шаҳрини комплекс ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган ва 3 минг 200 дан зиёд лойиҳаларни ўз ичига олган мазкур дастур ижроси учун 500 миллиард сўм маблағ йўналтирилган эди.
Бундан ташқари, шаҳарнинг Анҳор маҳалласи ҳудудидаги узоқ йиллар бўш турган собиқ 4-автокорхона бинолари ва ер майдони тадбиркорларга «ноль» қийматда бўлиб берилиб, ташкилий, молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлангач, бу ерда катта-кичик 13 та корхона ўз фаолиятини бошлаб юборди. Шу эврилишлар туфайли 685 киши ишли бўлди.
Денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган, ўзининг кислород билан тўйинган, ионлаштирилган ҳавоси билан юқори ва қуйи нафас йўллари, асаб тизими, юрак қон-томир касалликларини даволашга ихтисослашган Хонобод сиҳатгоҳи ҳам замонавий курорт зонасига айлана бошлади.
Умуман, узоқ йиллар ёпиқ ҳудуд ҳисобланиб, саноати ривожланмаган, кўплаб объектлар бўшаб қолган Хонобод шаҳрининг қиёфаси давлат раҳбарининг ташрифидан кейин жиддий ўзгарган, қисқа вақтда кўплаб корхоналар ташкил этилиб, одамлар иш билан таъминланган эсада, қилинажак ишлар ниҳоятда кўп эди. Шунинг учун ҳам таскин топмаётган эди ҳар қандай ишни тез ва сифатли адо этишга одатланган Юртбошининг кўнгли.
Шу куни барча вазифалар ижросига доир зарур кўрсатмалар берилди, “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Топшириқдан сўнг ушбу тоғли ҳудудда енгил конструкциялардан меҳмон уйлари ташкил этишга киришилди. Сиҳатгоҳ ҳудудидаги бўш ётган ер майдонларини тадбиркорларга бериш орқали 3 минг киши дам оладиган масканлар ташкил этиладиган бўлди.
Кейинги ташрифлар ҳам Андижон тақдирида улкан аҳамиятга молик эврилишларга асос бўлдики, бадиийроқ ифодалаганда, ташрифлардан кейин гуллаб, ширин-шакар мевалар туккан Андижон боғларининг ҳар биттаси тўғрисида шоҳона достонлар ёзилса арзийди. Фақат, мухтасар бир мақолада бу орзуга эришишнинг имкони бўлмайди. Шу боис, ҳозирча, уларнинг айримларини тилга олиш билан кифояланамиз.
Ўтган икки-уч йил ичида Хонобод шаҳрида қиймати 11 миллиард сўм бўлган “Ёшлар маркази” барпо этилди. Хўжаобод туманида Ҳайвонот боғи қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Вилоятидаги бекор турган бинолар, шунингдек, давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш ҳисобидан ўнлаб кичик саноат зоналари ташкил этилди.
Аёнки, Андижон мамлакатимиздаги ҳудуди энг кичик, аҳолиси эса энг зич яшайдиган вилоят ҳисобланади. Вилоят республика ҳудудининг 1 фоизини, аҳолиси эса қарийб 10 фоизини ташкил қилади. Шунинг учун ҳам Андижонда ернинг ҳар қаричидан оқилона фойдаланиш талаб этилади. Яқин-яқингача шаҳарнинг Мустақиллик маҳалласидаги барак шаклида қурилган эски ҳовлиларда бир нечталаб оила қийналиб яшар эди. Ташрифлар шарофати билан эски маҳалла ўрнида кўп қаватли турар жойлар барпо этилди. Шу маҳалла аҳли учун Хўжаобод тумани Хидирша массивидан 54 гектар ер ажратилиб, шаҳар ҳудудига қўшиб берилди.
Кўп ўтмай бу ерларда “Обод маҳалла” дастурига мувофиқ 2 сотихли 220 та уй, оилавий поликлиника, болалар боғчаси, Хотира майдони, маҳалла гузари, кутубхона, ҳаммом, гўзаллик салони ҳамда бошқа савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, тикувчилик корхонаси, маданият маркази қурилди.
Қарийб 70 гектар майдонда бунёд этилаётган “Andijon sity”да ҳам кўп қаватли бинолар бирин-кетин кўкка бўй чўза бошлади. Ушбу шаҳарчада 5 юлдузли меҳмонхона, конгресс холл, қўғирчоқ театри, банк ва бизнес офислар, соғломлаштириш марказлари, кўнгилочар масканлар, кафе-ресторанлар, 7, 9 ва 12 қаватли турар жой иморатлари қад кўтаради.
Янги ташкил этилган “Андижон-Фарм” эркин иқтисодий зонасида 5 миллион қадоқда дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Кичик саноат зоналарида умумий қиймати 306,4 миллиард сўм бўлган 122 та лойиҳа ишга туширилди.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан ғўза қатор ораларига соя экиш бўйича Андижон тажрибасини яратилди. Бошқа турар жойларга нисбатан арзон бўлган «Замонавий қишлоқ» лойиҳаси ҳам Андижонда дунёга келди.
Бобур ҳазратлари ўзининг машҳур “Бобурнома” асарида Андижонни таърифларкан: “Ошлиғи вофир, меваси фаровон. Қавун ва узуми яхши бўлур. Қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас… Андижон ношпотисидан яхшироқ ношпоти бўлмас. Мовароуннаҳрда Самарқанд ва кеш(Шаҳрисабз) қўрғонидин сўнгра мундин улуғроқ қўрғон йўқтур. Уч дарвозаси бор… Тўққиз тарнов сув кирар. Бу ажабдурким бир ердан ҳам чиқмас… Эли туркдур”, дейди.
Дарҳақиқат бу тупроқдан сув ичган меваларнинг довруғи узоқ-узоқларга кетган.
Шавкат Мирзиёев Андижонга сафарлари чоғида мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга катта эътибор берди. Янги боғлар, узумзору олмазорлар барпо қилинди. Айни чоғда, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик корхоналарининг салоҳияти кенгайди. Шу ўринда Марҳамат туманидаги “Водий ҳамкор агрофирмаси” томонидан ташкил этилган қуёнчилик кластерининг фаолияти мақтовга лойиқдир.
1 гектардан зиёд майдонда ташкил қилинган мазкур кластер кооперация усулида 50 та хонадонга қуёнлар тарқатилиб, улардаги одамлар бандлиги таъминланди. Шунингдек, қуён терисини ошлаш ва теридан телпак тикиш цехида кўплаб янги иш ўринлари яратилди.
Андижонда техно парк иш бошлади.
“Боғи Бобур”даги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали, рамзий қабри, “Бобур ва жаҳон маданияти музейи”ни қуриш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, номозгоҳлар қурилиб, дам олиш маскани янгича қиёфа касб этди.
2021 йил, 17 июнь куни аҳли Андижон энг унутилмас воқеанинг гувоҳи бўлди: “Янги Андижон” шаҳрининг қурилишига тамал тоши қўйилди.
Президентимизнинг ўзи бу қурилишни халқимиз бунёдкорлигини намоён этадиган тарихий воқеа деб атади.
– Андижондаги уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун икки-уч йилдан бери ўзимни қийнайман. Чунки ер кам, уйларга талаб йиллар давомида тўпланиб қолган эди. Бир хонадонда бир нечта келин қайнонаси билан яшаётган оилалар кўп. Шунинг учун узоқни ўйлаб, янги шаҳар қуришга киришдик. Бу ерда 130 мингдан ортиқ хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилади, 450 мингдан зиёд аҳоли яшайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Умумий майдони 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг 2 минг гектар қисмида уй-жойлар, ижтимоий объектлар, саноат зоналари, хизмат ва сервис объектлари қурилади.
“Янги Андижон” шаҳри лойиҳаси 8 та босқичда амалга оширилади. Унинг коммуникация тармоқларини бошлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилди. Тезда 33 километр ичимлик суви тармоғи, 52 километр автомобиль йўли, 18 километр электр ва 27 километр газ тармоқлари қурилди.
Биринчи босқичда 3 минг 310 та квартирали 170 та кўп қаватли уй-жой, 1 минг 680 ўринли мактаб, 385 ўринли боғча, 200 қатновли поликлиника қурилади. Шаҳар қурилиши даврида 10 мингдан ортиқ, кейин эса саноат, савдо, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами 100 мингга яқин доимий иш ўринлари яратилади.
Хозирги кунга келиб биринчи босқич доирасида белгиланган ишлар деярли бажарилди.
Андижон шаҳридаги “Dinar group” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган тикувчилик корхонаси ҳам вилоятдаги йирик корхоналар қаторида туради.
Умумий қиймати 10 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳани амалга ошириш учун қаровсиз бино “ноль” қийматда берилган эди. Атиги етти ойда бу ерда замонавий корхона пайдо бўлди.
Янги корхонага Италия, Австрия ва Туркия каби давлатлардан мато бўяш ва тикув ускуналари келтириб ўрнатилди. 1000 та иш ўрни яратилди. Корхона йилига 3,5 миллион дона тайёр трикотаж ва 5 минг тонна ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга.
Алқисса, эндиликда Андижонда шу қадар кўп ва хилма-хил маҳсулотлар ишлаб чиқариляптики, уларнинг сонини санаб адоғига етиш қийин.
Бугун андижонликларга, нималар ишлаб чиқаряпсиз, деган саволни берсангиз, улардан, нимани ишлаб чиқармайсиз, деб сўрасангиз жавоб беришимиз осон бўларди, деган жавобни эшитасиз. Катта ҳақиқат бор ҳазилнамо жавобларда. Ифтихор қилса арзийдики, бугун Андижон вилоят саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳалари бўйича сафларнинг энг олдинги қаторида бормоқда.
Ҳа, санаб – саноғига, айтиб – адоғига етиш маҳол бўлган ўзгаришлар маконага айланиб бормоқда қадим Андижон.
Шуларни ўйлаганда, не-не тўфону талотўпларни бошдан кечирган, илк бора ёзма манбаларда араб сайёҳлари Ибн Ҳовқал ва Муқаддасий асарларида Андукон шаклида қайт этилган, бугун эса Шарқнинг азамат кентлари қаторида турган ва кун сайин ёшариб, тўлишиб, очилиб бораётган маконга ҳавасинг келади. Тунларни тонгларга, тонгларни шомларга улаб меҳнат қилаётган андижонликларни кўрганда эса ичингга дарёдек оқиб кираётган фахру ифтихор туйғулари вужудингни қамрайди. Тўлишиб, ҳаприқиблар кетади жону жаҳонинг.
Аммо, “Беайб – парвардигор” деймиз-у, лекин, шундай дориламон кунларнинг қадрига етмай, пана-пастқамларда пусиб ўтган-кетганга тош отишдан баҳра олаётган кишилар ҳам оз эсада, орамизда борлиги таассуф пайдо қилади тоза кўнгилларда.
Юрти обод, овулдоши шод бўлиб турганида, бундан суюниш, ғурурланиш ўрнига, пашшадан фил ясаш, майда-чуйдалар билан ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтариш, кимларнингдир кўнглида ғулғула-норозиликлар пайдо қилиш илинжида булгувчи бундай тоифаларга дуч келганда, мукаммаллик ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган ноёб неъмат эканига яна бир марта имон келтирасан.
Тўғри, камчиликлар бор, оз эмас. Буни ҳеч ким яшираётгани йўқ. Давлат раҳбари ҳар мулоқотида тилга оляпти, камчиликларни бутлаш чораларини излаяпти. Хорижий давлатларнинг раҳбарлари билан, дунёдаги йирик компания ва ташкилотлар билан, инвесторлар билан учрашяпти, улар билан ҳамкорлик қилиш йўлларини топяпти. Аммо, юз йиллар мобайнида тўпланавериб, тепадай уюлиб кетган муаммоларни ҳал қилиш нақадар оғир машақат экани ҳам аён ҳақиқат-ку!
Кўра-била туриб олдинда кетаётганларнинг оёғидан тортишга интилувчи, тараққиётни, бўлаётган қувончли ўзгаришларни сезиб сезмасликка ҳаракат қилувчи зотларнинг қилмишлари, кўприк тагида беркиниб, йўловчилар эшагини ҳуркитадиган бекорчиларни эслатади.
Бугун улуғвор карвонимиз қандайдир кичик бир ариқ ёки анҳордан эмас, улкан кечувдан ўтиб бормоқда. Учинчи Ренессанс – Учинчи уйғониш қасрининг муборак пойдеворларига биринчи ғиштларни қўйишдек муқаддас юмушларнинг бахтиёр иштирокчилари бўлиб турибмиз. Айни воқеалар одамларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратаётгани ҳам бор гап – ҳақиқат. Бундай дамларда ҳайбаракаллачилик, томошабинлик, Юртбошимиз кўп марта таъкидлаганидек хиёнатга баробардир.
Мусаффо ҳавони булғаш-у, зилол сувни лойқалатишдек ножўя қилиқларни йиғиштириб қўйган маъқул энди.
Мақоламга нуқта қўя туриб яна ўйланаман, ўз-ўзимга савол бераман: агар Ҳалима опа ёки Абдулла ака менинг ўрнимда бўлганида Президентимизнинг Андижон ташрифлари ҳақида нималарни ёзган бўлар эдилар?
Ногаҳон қаердадир, шу атрофда, Ҳалима опамизнинг ҳазин ва сеҳрли овози янграб кетгандек туюлади:
Ўйланаман, йўлим тушса Анжон сари…
Абдусаид Кўчимов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист