Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

“2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини 2023 йилда амалга оширишга оид Давлат дастури”нинг 45-мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини босқичма-босқич бепул овқат билан таъминлаш ҳамда республиканинг барча умумтаълим мактабларида соғлом овқатланиш тизимини амалга ошириш вазифалари ўз аксини топган.

Дарҳақиқат, ушбу тизим 2022 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жорий этилиб, 273 минг ўқувчи қамраб олинган эди. Эндиликда бу тартиб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида йўлга қўйилиши бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш орқали уларнинг сифатли таълим олишларига хизмат қилади.

Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова қуйидагиларни таъкидлади:  

— Бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш тизими таълим жараёнига ҳам бевосита таъсир қилади. Чунки бола мактабда оч бўлса, берилаётган таълимни тўла ўзлаштириб олишга кучи етмайди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш тизими йўлга қўйилгани жуда яхши натижа берди. Давлатимиз раҳбари 2022 йилги Мурожаатномасида бу тизимни бутун республика бўйлаб йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳасида ҳам 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилиши белгиланган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, депутатларимиз ҳудудлардаги ўрганишлар давомида бу тизимни йўлга қўйиш учун кўплаб мактабларда ошхона масаласида ҳали муаммоларимиз борлиги аниқланяпти. Айрим мактабларда ошхонанинг ўзи йўқ, борлари эса етарли инфратузилмага эга эмас.

Мана шундай ҳолатда бу тизимни бутун республика бўйича татбиқ этишда қандай чоралар кўриш керак? 2022 йилги Давлат дастури ижросини муҳокама қилиш давомида ҳукуматга айни саволлар билан мурожаат қилганимизда, мактабларнинг ошхоналарини секин-аста таъмирлаш ва зарур инфратузилмани яратиш билан бу лойиҳа татбиқ этилишини, ошхоналари таъмирлашга улгурилмаган мактабларга эса сентябрдан бошлаб овқат етказиб бериш амалиёти йўлга қўйилишини билдиришди.

Албатта, бу борада биз депутатлар ҳам депутатлик ва парламент назоратини самарали йўлга қўйган ҳолда бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш тизимини мунтазам назоратга оламиз.

 

Муҳтарама Комилова ёзиб олди. ЎзА