Туркиянинг жануби-шарқий қисмидаги вилоятларда 6 февраль куни юз берган кучли зилзила оқибатида минглаб инсонлар қурбон бўлди. Бино ва иншоотлар жиддий талофат кўрди.

Айни пайтда кўплаб давлатлар зилзиладан азият чеккан Туркия халқига имкон қадар ёрдам бермоқда, ўз ҳамдардлигини билдиряпти. Жумладан, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Туркия етакчиси билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳамдардлик билдирди. Ушбу давлатга инсонпарварлик ёрдами ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчилар гуруҳи юборилди.

Шу йилнинг 12 февралига қадар Туркияда мотам кунлари эълон қилинди. Ушбу давлатнинг Самарқанддаги бош консулхонасида ҳам ҳамдардлик китоби очилди. Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бугун бош консулхонага бориб, бош консул Салиҳ Жанерга ҳамдардлик изҳор этди.

Шунингдек, ҳамдардлик китобида Туркия халқига Самарқанд жамоатчилиги ва аҳли номидан таъзия изҳор этиб, дил изҳорларини ёзиб қолдирди.

Бош консуллик зилзиладан зарар кўрган турк халқига моддий ёрдам кўрсатиш ниятидаги ўзбекистонлик фуқаролар ўз хайрияларини “Uzbekistan Ziraatbank” филиаллари орқали ўтказма тўловларисиз амалга оширишлари, болалар ва катталар учун турли ашёлар, озиқ-овқат маҳсулотларини консулликка тақдим этишлари мумкинлигини маълум қилди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА