Ўзбекистон ишчи гуруҳининг Вьетнамга ташрифи давомида Ханой шаҳрида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ушбу мамлакат Савдо-саноат палатаси ҳамда етакчи компания ва уюшмалар раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Кун тартибидан икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида алоқани фаоллаштириш, сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олди.
Вьетнам Савдо-саноат палатаси президенти Фам Тан Конг билан навбатдаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Давра суҳбати тарзида ўтган учрашувда электротехника, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда фаолият юритувчи 10 та корхона раҳбари ҳам иштирок этди. “G2B” вa “B2B” музокаралари ишбилармон доираларга ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашиш, қатор йирик инвестиция, савдо лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, хусусан, тайёр тўқимачилик, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, Вьетнам бозорида харидоргир бўлган Ўзбекистон товарларини етказиб беришни ташкил этиш бўйича келишувга эришиш имконини берди.
Въетнамликлар қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни ҳаётга жорий қилиш, мамлакатимизда бизнес юритишнинг муваффақиятли тажрибасидан келиб чиқиб, балиқ етиштириш ва озуқа ишлаб чиқариш йўналишларидаги янги режалар орқали фаолиятни кенгайтириш нияти билан ўртоқлашди.
“Vietnam National Textile and Garment Group” раиси В.Анём билан мулоқотда тўқимачилик саноатида қўшма инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масаласи ҳал этилди. Маълумот ўрнида айтиш керак, мамлакатдаги энг йирик ишлаб чиқарувчилардан ҳисобланадиган бу корхона 12 та заводга эга, 50 давлатга тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилади.
“Vinachem Vyetnam” давлат корпорацияси раиси Ле Ман Хун билан нефт-газ ва нефт-кимё саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконияти кўриб чиқилди. Томонлар бу борадаги ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имконият мавжудлигини таъкидлаб, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, геология-қидирув лойиҳалари бўйича сармоявий ташаббусларни илгари суриш фикри маъқулланди.
“Vinachem Vyetnam” миллий кимё гуруҳи раиси ўринбосари Нго Даи Куангга Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди, кимё саноати бўйича лойиҳавий таклифлар тақдим этилди. Бир қатор инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишилди.
Йирик бизнесмен А.Пхунг юртимизда Вьетнамнинг илғор тажрибасига асосланган йирик шоли етиштирувчи кластер яратишга қизиқиш билдирди. Ушбу режа амалга ошса, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига ҳосилдорликни сезиларли даражада ошириш имконини берувчи униб чиққан ниҳолни экиш ва учувчисиз аппарат ёрдамида кимёвий ўғит пуркашга ихтисослашган янги технология кириб келади.
Учрашувлар якуни бўйича томонлар барча йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёр эканлигини билдирди. Муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича келгуси тадбирлар белгилаб олинди.
ЎзА