Бирлашган Араб Амирликларининг “DP World” компанияси денгиз ва қуруқлик портлари, контейнер терминаллари, саноат парклари ва эркин иқтисодий зоналари бўйича дунёдаги энг йирик операторлардан ҳисобланади. Корхона “Jebel Ali” порти ва эркин иқтисодий зонаси (БАА), Лондон Гатевей (Буюк Британия), Кингдао (ХХР), Бусан (Корея), Роттердамдаги “World Gateway” (Нидерландия) каби порт, контейнер терминалларини бошқаради. Олти қитъада, 40 мамлакатда жойлашган 78 та денгиз ва ички терминалларга эга.
2022 йил 25 ноябрда мазкур компания билан “Навоий” ЭИЗни бошқариш тўғрисидаги битим имзоланган.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида видеоконференцалоқа тарзида ушбу битимда акс этган “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолияти самарадорлигини ошириш лойиҳаси ижроси муҳокамасига бағишланган музокара бўлиб ўтди.
Вазирлик, вилоят ҳокимлиги масъуллари, “DP World” компанияси ва “Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси вакиллари иштирок этган тадбирда ҳамкорликдаги фаолият самарадорлигини ошириш режаси таҳлил қилинди. Лойиҳани амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирлар келишиб олинди. Устувор вазифалар қаторида “Навоий” ЭИЗ резидентлари сифатида етакчи халқаро компанияларни, жумладан, БААда жойлашган “Jebel Ali” эркин иқтисодий зонасининг йирик ишлаб чиқариш корхоналарини жалб этиш масаласи кўриб чиқилди.
ЎзА