Маълумки, 2022 йил 1 январдан бошлаб шаҳарча, қишлоқ, овулдаги ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокимининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилган эди.

Жойларда мазкур лавозимнинг самарадорлиги қандай кечмоқда?

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “Марказобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Акмалжон Қўчқоров фаолияти хусусида қуйидагиларни гапириб берди:

– Мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими ҳамда ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилди. Ҳоким ёрдамчиларига маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ва янги иш жойларни ташкил этиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш каби вазифалар юклатилган.

Шунингдек, ҳоким ёрдамчиларига маҳаллада оилавий тадбиркорликка кредитлар бериш, лидер тадбиркорлар лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш ва уларни жамоат ишларига жалб қилиш, ёшларни касбга ўқитиш каби молиявий инструментлар берилди.

Умуман айтганда ҳоким ёрдамчиларининг барча ҳаракатлари ҳалқнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган. Зеро аҳолининг фаровон турмушига хизмат қилиш кўламини кенгайтириш мақсадида жорий этилган маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, аввало, ҳалқнинг таянчи бўлиши талаб этилади.

Маҳаллада 340 та ҳонадон, 510 та оила, 2 минг 155 нафар фуқаро истиқомат қилиб келмоқда. Ўтган 2022 йил давомида 81 нафар ишсиз фуқаро мавжуд эди, бугунги кунга келиб, бу рақам 26 тага камайди. Маҳалла ҳудудида 77 та тадбиркорлик субъекти фаолият олиб бормоқда. Уларнинг аксарияти хизмат кўрсатиш йўналишидаги тадбиркорлардир. Ҳудудимизда йирик корхоналар мавжуд бўлмаса-да, аҳолимиз хизмат кўрсатиш ҳамда ўзини-ўзи банд қилиш орқали рўзғор тебратишга имконият топиб келмоқда.

Маҳалла аҳолисидан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти кўпроқ қайси йўналишларга тааллуқли эканлигини ўрганиб чиқамиз. Бу борада ахборот алмашиш платформаси фаолияти йўлга қўйилган.

Маҳалламиз паспортини шакллантириш жараёнида аҳолининг гендер таркибини, касб малакаларини, ҳохиш-истакларини, муаммоларини ўрганиб, тўпланган маълумотларни online-mahalla.uz платформасига жойлаштирганмиз. Фуқароларнинг ҳамда ҳудудда фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг муаммоларига манзилли ва сифатли ечим топиш учун мазкур платформага келган мурожаатларни тегишлилиги бўйича масъул ташкилотларга тўғридан-тўғри юбориш имконияти мавжуд. Аҳоли томонидан ижтимоий инфратузилма борасида мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича юборилган мурожаатларнинг аксарияти бугунги кунда ўз ечимини топгани бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз самара бераётганидан далолат, албатта.

Меҳнат фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқароларимиз ҳам кўп. Уларнинг эхтиёжларидан келиб чиққан ҳолда субсидиялар ёхуд имтиёзли кредитлар ажратиш ишлари маҳалладан чиқмай ҳоким ёрдамчисининг кўмаги асосида “онлайн” тарзда амалга оширилиб келинмоқда. Мавжуд бўш иш ўринларига   жойлаштирмоқчи бўлган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ваканциялари мавжуд корхона ва ташкилотларга саёҳатлар, ҳудудий меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда.

Алоҳида қайд этишим лозимки, айниқса хотин-қизлар бандлигини таъминлаш фаолиятимизнинг асосини ташкил этади. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ишсиз эркакларга нисбатан ишсиз аёллар кўпчиликни ташкил этади. Ишсиз аёлларни иш билан, тадбиркорлик фаолияти билан банд қилиш жараёнларида уларнинг оилавий ҳолатини яқиндан ўрганиб, имкониятларини инобатга олган ҳолда керакли тавсия ва йўналишларни беришга ҳаракат қиламиз.

“Марказобод” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 минг 80 нафар ҳотин-қизлар рўйхатга олинган. Уларнинг 44 нафари ишсиз аёллар. Улар касб-ҳунар марказлари ва “Ишга марҳамат” мономарказларига йўналтирилган. Бугунги кунга келиб уларнинг 26 нафари ўқишни муваффақиятли битириб, эгаллаган касб-ҳунари бўйича фаолият олиб бормоқда. 25 нафар аёлга “Ҳар бир оила –тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредит ажратилиб,ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар сифатида рўйхатдан ўтказилди. Маҳалладаги норасмий бандларнинг 86 нафари доимий ва мавсумий иш жойи билан таъминланди, 47 нафари ўзини-ўзи банд қилган.

Камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали йўли мавжуд имкониятлардан ва ресурслардан самарали фойдалана олиш. Камбағаллик даражасини ўлчаш методлари ва нисбатлари турлича. Аҳолининг турмуш даражасини ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини амалга ошириш борасида маҳалладаги “бешлик” биргаликда фаолият олиб борамиз.

Аввало, камбағалликнинг сабабини ўрганиш ва уни бартараф этиш чоралари кўрилади. Кейинчалик эса камбағалликдан олиб чиқиш бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Бугунги кунгача бўлган мониторинг натижаларига кўра, камбағалликка дуч келган оилаларнинг аксарияти бу ногиронлиги бўлган шахслар,  нафақахўрлар ва бола парвариши билан банд бўлган аёллар мавжуд оилалар эканлиги кўринади.

Камбағалликни қисқартириш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар негизида “Инсон қадри учун” тамойили ётади. Бунга мисол тариқасида ишсиз ва эҳтиёжманд фуқаролар учун ажратиладиган субсидиялар, моддий ёрдамлар, имтиёзли кредитларни айтишимиз мумкин. Ишсиз фуқароларни бепул асосда меҳнат бозорида катта талабга эга бўлган касб-ҳунар турларига ўқитиш тизимининг мавжудлиги ҳам аҳолининг бандлиги, даромадини оширишга қаратилган ҳаракатдир.

Маҳалламизда кам таъминланган оилалар сони 97 тани  ташкил этиб, шундан 61 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Фикримни мисоллар орқали изоҳлаб беришим мумкин. “Аёллар дафтари” рўйхатидаги фуқаро И.Таджимуратовага “Ҳар бир оила –тадбиркор” дастури асосида ажратилган имтиёзли кредит эвазига тикув машинаси ва оверлок олиб берилди. Унинг оилавий даромади амалий ёрдам кўрсатилгунга қадар ойлик жон бошига 450 минг сўмдан тўғри келарди. Кредит асосида тикув машинаси ва оверлок ажратилгандан сўнг, даромади оила жон бошига 1,5 миллион сўмни ташкил этяпти. Натижада оила биринчи тоифадан тўртинчи тоифага ўтказилди.

Шунингдек, “Аёллар дафтари” рўйхатидаги фуқаро З.Қаландаровага ҳам субсидия асосида тикув машинаси олиб берилди. Мазкур фуқаронинг оилавий даромади амалий ёрдам кўрсатилгунга қадар ойлик жон бошига 430 минг сўмдан тўғри келган. Субсидия асосида тикув машинаси ажратилгандан сўнг, даромади оила жон бошига 1,6 миллион сўмга етди. Натижада  бу оила ҳам биринчи тоифадан тўртинчи тоифага ўтказилди.

Маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, аҳолини барқарор даромад билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада 156  нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди. 86  нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган бўлса, 2 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 10 нафарига эса ижара асосида ер ажратилди. Ташкил этилган янги тадбиркорлик субъектлари сони 23 та. Шундан 8 таси якка тартибдаги тадбиркорлар, 15 таси юридик шахс сифатида рўйхатга олинди.

Маҳаллада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 50 та лойиҳага 1 миллиард 286 миллион сўмлик  имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Лидер тадбиркорларимиз “Чевар-2022” ишлаб чиқариш кооперативига тегишли тикувчилик корхонаси, “Антиқа балиқ таомлари” МЧЖга тегишли умумий овқатланиш шохобчаси мазкур лойиҳалар асосида ишга туширилган.

Бундан ташқари маҳаллада умумий қиймати 800 миллион сўмлик 4 та микролойиҳа ишга туширилди.10 та янги иш ўринлари яратилди. Келгусида маҳалламиз “драйвери” яъни хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун маҳаллада мавжуд имкониятлар ва ресурслардан фойдаланган ҳолда замонавий (инновацион) хизмат кўрсатиш турларини жорий қилиш орқали янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган концепцияни ҳаётга татбиқ этишни мақсад қилганмиз.

Бугунги эришаётган натижаларим ва ютуқларим биргина меники эмас. Маҳалламиз аҳлининг менга билдираётган ишончи, қилаётган дуоларининг самараси деб биламан. Яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” республика танловининг  Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли учунчи ўринни эгаллаб энг яхши ҳоким ёрдамчиси сифатида эътироф этилдим. Бу мен учун катта рағбат, албатта.

Маҳалла ҳудудидаги умумий қиймати 2 миллиард 700 миллион сўмлик 120 ўринли 12-сонли мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси қурилиши якунланиб, 2022 йилнинг декабрь ойида ишга туширилди. Маҳалланинг йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича 0,5 километр ички йўлга қора қопламали асфальт ҳамда бетон асфальт ётқизилди ҳамда 0,5 километр ичимлик суви қувурлари янгиланди. Бундан ташқари 1 километр пиёдалар йўлакчаси ташкил этилиб 40 та қуёш панелли тунги ёритгичлар ўрнатилди.


Муҳайё Тошқораева ёзиб олди. 

ЎзА