Ҳиндистоннинг Харяна штатида “Surajkund International Crafts Mela» 36-Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтмоқда.
Қайд этилишича, мазкур фестивалда ҳунарманд, қўшиқчи ва созандалардан ташкил топган Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда ва мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, бой ҳунармандчилиги ва маданиятини тарғиб қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги маълумотларига кўра, фестивалда ҳар йили Ҳиндистоннинг барча минтақалари ва дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатлари вакиллари, шунингдек, 1,5 миллиондан ортиқ сайёҳлар ва маҳаллий фуқаролар иштирок этади. Мазкур тадбир ҳунармандчилик соҳасидаги дунёдаги энг йирик фестивал-ярмаркалардан бири саналади.
“Surajkund International Crafts Mela» 36-Халқаро ҳунармандчилик фестивалида Ўзбекистон павилионига маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар томонидан катта қизиқиш билдирилган. Ўзбекистон давлат филармонияси раққосалари ижросидаги “Лазги” ашула ва рақс ансамбли ҳам хорижлик туристларни бефарқ қолдирмаяпти.
Фестивал жорий йилнинг 20 февралига қадар давом этади.
ЎзА