Замонавий ўзбек-қирғиз муносабати барча соҳаларда тегишли юксалишни бошдан кечирмоқда. Бугунги кунда ҳамкорликнинг табиати, мазмуни ҳам ўзгарган. Ҳозир илгари кузатилмаган олий ва юқори даражадаги доимий сиёсий мулоқот бисёр. Аслида, бу икки қўшни мамлакат учун хос жиҳат. Баҳсли масалалар фақат ва фақат ўзаро манфаатли усулда, муроса асосида ҳал этилмоқда. Энг муҳими яхши қўшничилик руҳи қарор топмоқда.

Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида «Ўзбекистон ва Қирғизистон: стратегик шерикликнинг янги истиқболи» мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбати ҳам юқоридаги фикрларимизнинг ёрқин далили.

Гибрид шаклда уюштирилган тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 26-27 январь кунлари Қирғиз Республикасига амалга оширган давлат ташрифи якуни атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ва Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий стратегик тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилган анжуманда ташқи ишлар вазирликлари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда икки давлат етакчи «ақл марказлари» экспертлари иштирок этди.

Анжуманда сўз олганлар асосий мавзу – Ўзбекистон етакчисининг Қирғиз Республикасига давлат ташрифи натижаларига тўхталиб, икки давлат раҳбарларининг бу галги музокаралари тарихий аҳамият касб этганини алоҳида таъкидладилар.

Тадбирда бевосита иштирок этган Қирғизистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Aсеин Исаев йиғилганларга юзланар экан, жумладан шундай деди:

– Ўзбек ва қирғиз халқлари азалий биродар ва бугунги кунда ҳам бу абадий дўстлик ҳар томонлама, турли соҳада ривожланмоқда. Ўзбекистон Президенти юртимизга ташрифи доирасида мазкур шерикликни изчил давом эттириш мақсадида мамлакатларимиз ўртасидаги экспорт, импорт ҳажмини янада оширишга қаратилган аниқ, самарадор таклиф, ташаббусларни илгари сурди.

Миллатлар ўртасидаги ўзига хослик тарих, маданий ва маънавий қадриятлар, ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари билан белгиланади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро муносабат мустаҳкам пойдеворга эга.

Ғайрат Хонназаров, Ўткир Алимов, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА