26-27 март кунлари бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент конференцияси матбуот марказида парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликнинг турли қирраларига бағишланган семинар-тренинглар, шўъба йиғилишлари ташкил этилмоқда.

Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларига бағишлаб ўтказилган анжуманда қатнашган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази директори Ойбек Рўзиев ЎзА мухбирига ушбу марказ фаолияти ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

– Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғанининг 2017 йил декабрь ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказини ташкил этиш бўйича битим имзоланган эди. Ушбу битимга мувофиқ, қисқа вақтда марказимиз фаолияти йўлга қўйилди.

Бугунги кунда марказда ўзбек тили ва адабиёти бакалавр йўналиши бўйича 96 афғонистонлик талаба ўқитилмоқда.

Таълим муассасасида машғулотларни олиб бориш учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Термиз давлат университетидан тилшунос ва адабиётшунос, фольклоршунос ўқитувчилар жалб этилган.

Талабаларга қулайлик яратиш мақсадида марказда 2017-2018 ўқув йилининг 1-семестри дарслари ўзбек ва дарий тилларида ташкил этилди.

Айни пайтда Афғонистон томони эҳтиёжидан келиб чиқиб, марказ учун 17 олий таълим йўналиши ва 16 ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналиши ўқув режалари модуллаштирилган шаклда ишлаб чиқилди.

Муассасамиз ахборот-ресурс маркази сиёсий, ижтимоий-гуманитар, техника йўналишидаги фанлар бўйича дарслик ва қўлланмалар, бадиий адабиётлар, Ўзбекистонда ишланган 50 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильм, аудиотўпламлар билан таъминланган.

Марказнинг расмий веб-сайти ишлаб турибди. Унда афғонистонлик ёшлар таълимда эришаётган ютуқлар, марказ янгиликлари ҳақида маълумотлар жойлаштириб борилмоқда.

Марказ видеотерминал қурилмаси ёрдамида олий таълим муассасалари корпоратив тармоғи ва “Электрон таълим тармоғи”га уланиш имконияти мавжуд. Бундан ташқари, электрон кутубхона тизими ташкил қилиниб, 5 мингдан ортиқ китоблар киритилди.

Марказда 700 ўринли ўқув биноси, ўғил болалар ва қизлар учун талабалар турар жойлари, 100 ўринли ошхона, спорт зал, спорт майдонлари мавжуд. Шунингдек, кимё, физика, темир йўл ва транспорт тизимини ўрганиш бўйича лаборатория хоналари, маърузалар зали, лингафон хонаси, сартарошхона, савдо дўкони бор.

Яқин вақт оралиғида афғонистонлик ёшларга темир йўллари соҳасида таълим бериш имкониятлари ҳам яратилиши кўзда тутилган. буларнинг бари афғон йигит-қизларининг сифатли билим олиши ва илм даражасини оширишга хизмат қилаяпти.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА