Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармони лойиҳасида аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, таълим сифатини илғор жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, камбағалликни қисқартириш вазифалари белгиланган.

Лойиҳада халқимизга янада қулайликлар яратиш ва харажатларини тежаш мақсадида, 2023 йил 1 июлдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотларида “Аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш” чора-тадбирлари ҳақида сўз боради.

Унда вазирлар ўз тизимида масофадан туриб, мобиль иловалар орқали кўрсатиладиган хизматларни кўпайтириш, ундириладиган тўловлар миқдорини камайтириш, талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш, кўриб чиқиш жараёнлари ва муддатларини кескин қисқартириш, шаффофликни ошириш, аҳоли ва тадбиркорлар билан доимий мулоқот майдончаларини ташкил этиш, ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга ўқитиш бўйича тадбирлар дастурини тасдиқлаши белгиланди.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан анъанавий тарзда кўрсатиладиган қўшимча 200 та давлат хизматлари давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади.

Натижада, электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 73 фоизга етказилади. Ҳозирда эса, мавжуд 770 дан ортиқ давлат хизматларидан 262 таси давлат хизматлари маркази, 370 таси (50 фоиз) Ягона интерактив давлат хизматлари порталида кўрсатилади.

ЎзА