Туркияда зилзила натижасида ҳозиргача 2 минг 921 киши қурбон бўлди,15 минг 834 киши жароҳат олган, деб хабар бермоқда Anadolu агентлиги фавқулодда вазиятлар бўйича бошқарма (AFAD) маълумотларига таяниб.
«Туркия жанубида рўй берган зилзила қурбонлари 2 минг 921 кишига етди, 15 минг 834 киши жароҳат олди”, дейилади агентлик тарқатган хабарда.
Табиий офат Сурия халқига ҳам кулфат келтирди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, ҳозиргача, зилзила қурбонлари сони 656 кишига етган. Аввалроқ 593 киши ҳалок бўлгани ҳақида айтилган эди.
«Алеппо, Латакия, Хама ва Тартус вилоятларида жами 656 киши ҳалок бўлди, 1 минг 419 киши жароҳат олган. Бу маълумотлар ҳозирча якуний эмас», – дейилади вазирлик тарқатган баёнотда.
Туркия Фавқулодда вазиятлар давлат департаментининг аниқлик киритишича, зилзила душанба куни тонгда маҳаллий вақт билан соат 04:17 да Қаҳрамонмараш вилоятининг Пазаржик туманида содир бўлган. Шундан сўнг ер силкинишлари ярим соат давомида турли ҳудудларда – Адана, Анқара, Анталья, Газиантеп, Қайсари, Мерсин, Трабзон, Шонлиурфа ва бошқа шаҳарларида давом этган.
“Al Arabiya” телеканалининг қайд этишича, ер силкинишлари Ироқ, Сурия ва Ливаннинг айрим ҳудудларида ҳам сезилган.
Туркияда 1939 йилдан буён бу қадар кучли зилзила кузатилмаган. Мазкур ер силкиниши 1939 йилдан буён энг кучлиси бўлиб, 7,7 магнитудани ташкил этган.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған 12 февралгача мамлакатда миллий мотам эълон қилди.