Туркия ҳозирча бирор бир мамлакатга зилзила оқибатларини бартараф қилишда ёрдам сўраб мурожаат қилмади.
Аввалроқ Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойли халқаро ёрдам зарурлигини назарда тутувчи фавқулодда ҳалот эълон қилингани ҳақида айтган эди.
«Ҳозирча ҳеч қандай мурожаат бўлмади», – деган РИА Новостига маҳаллий вакилларнинг бири.
Ёрдам сўраб мурожаат қилиниши мумкинми, деб берилган саволга “зарурат пайдо бўлса, сўралади” деб жавоб қилган.
Мамлакат Фавқулодда вазиятлар давлат департаментининг аниқлик киритишича, зилзила Қаҳрамонмараш вилоятининг Пазаржик районида маҳаллий вақт билан соат 04.17да 7 километр чуқурликда содир бўлган. Шундан сўнг ер силкинишлари ярим соат давомида турли ҳудудларда – Адана, Анқара, Анталья, Газиантеп, Қайсари, Мерсин, Трабзон, Шонлиурфа ва бошқа шаҳарларида давом этган, деб ёзмоқда “Анадолу” агентлиги.
Бундан ташқари, “Al Arabiya” телеканалининг қайд этишича, ер силкинишлари Ироқ, Сурия ва Ливаннинг айрим ҳудудларида билинган.
Маълумотларда, шунингдек, мамлакатнинг камида тўрт вилоятида вайронагарчиликлар қайд этилган. Кўп қаватли уйларнинг қулаши Қаҳрамонмараш, Малатья, Шонлиурфа ва Газиантеп вилоятларида кузатилган.
Шундай бўлсада, Туркия ҳукумати қурбонлари сони бўйича аниқ рақамларни айта олмаяпти. Зилзила маркази бўлган Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилояти губернатори баёнот беришича, қурбонлар сонини аниқ айтишнинг имкони йўқ.
«Ҳозирги пайтда қурбонлар ва жароҳат олганлар ҳамда вайрон бўлган биноларнинг аниқ сонини айтиш қийин. Кўрилган зарар ўта жиддий», – дейди губернатор Ўмур Чошқин.
Мамлакатнинг фавқулодда вазиятлар бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, еттита вилоятда ҳозиргача жами 76 киши қурбон бўлган, 440 киши жароҳат олган.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг баёнот беришича, тегишли идоралар, жумладан, қутқарувчилар зилзила оқибатларини бартараф қилишни аллақачон бошлаб юборган.
Президент зилзиладан жабр кўрган фуқароларга кўрган-кечирганларидан тезроқ ўзларига келиб олишини тилаган.
«Қидирув-қутқарув гуруҳи зилзиладан жабр кўрган ҳудудларга зудлик билан жўнатилган. Ички ишлар ва соғлиқни сақлаш вазирликлари, Фавқулодда вазиятлар бўйича бошқарма (AFAD), вилоятлар губернаторлари ва бошқа барча муассасалар зилзила оқибатларини бартараф қилиш ишларини зудлик билан бошлаб юборди. Биз зилзиладан кейин бошланган барча ишларни мувофиқлаштириб борамиз», – деб ёзди Эрдоған ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали.
«Умид қиламанки, ҳаммамиз биргаликда бу ҳалокатдан ўзимизни тез фурсатда ва энг кам зиён билан ўнглаб оламиз», – деб ёзган Эрдоған.
Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, зилзила оқибатида Газиантепда тарихий қалъа вайрон бўлган.
«Маълум бўлишича, Газиантепда зилзила оқибатида тарихий қалъа қулаб тушган», – деб ёзмоқда Posta газетаси.
Таъкидлаш жоизки, Газиантеп ЮНЕСКОнинг тарихий шаҳарлар рўйхатига киради.
Америкалик тадбиркор ва миллиардер Илон Маскнинг маълум қилишича, унинг SpaceX компанияси зилзиладан катта зарар кўрган Туркияга ёрдам тариқасида Starlink йўлдош алоқа тизимларини жўнатишга тайёр.
«Starlink Туркия ҳукумати томонидан ҳозирча маъқулланмади. SpaceX рухсат олиши билан уларни жўнатади», – деб ёзди у Twitter орқали, фойдаланувчилардан бирининг Туркияда зилзила туфайли алоқаларда узилишлар кузатилаётгани боис Starlink йўлдошлари билан ёрдам бера оласизми, деб берган саволига жавоб бера туриб.
“Al Arabiya” телеканалининг қайд этишича, ер силкинишлари Ироқ, Ливаннинг айрим ҳудудларида ҳам билинган. Зилзила оқибатлари, айниқса, Сурияда катта талофат келтиргани айтилмоқда. Сурия соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, зилзила оқибатида қурбон бўлганлар сони 237 кишига етган, 639 киши жароҳат олган. Хабарда келтирилишича, фожиа қурбонлари ва жабр кўрганлар ҳамда кўрилган иқтисодий зарарни якуний ҳисоб-китоб қилишга ҳали эрта.
Европа Иттифоқи мамлакатлари Туркия ва Сурияга зилзила оқибатларини бартараф қилишда ёрдам беришга тайёр, деб баёнот берди Швеция ташқи ишлар вазири Тобиас Билльстрём.
«Туркия ва Сурияда юз берган табиий офат
оқибатларидан чуқур қайғудаман. Швеция Евроиттифоқ кенгашига раислик қилаётгани боис ушбу мамлакатларда юз берган зилзила оқибатларини тугатишга ёрдам бериш бўйича саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштириб олиш учун биз Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлига ва Сурияга мурожаат қилмоқчимиз», – деб ёзган Билльстрём ўзининг ижтимоий тармоғида.
Италия бош вазирининг биринчи ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Антонио Таяни ҳам унинг мамлакати Туркияга қутқарув воситаларини, фуқаро мудофааси хизмати мутахассисларини жўнатишга тайёр, деб баёнот берди. «Мен ҳозиргина Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билан боғландим ва унга Италиянинг Туркияга ҳамдард эканини билдириб, фуқаро мудофааси хизмати мутахассисларини жўнатишга тайёрлигимни айтдим», – деб ёзган у ижтимоий тармоқ саҳифасида.
Шунингдек, Таяни узоқ йиллик уруш камлик қилганидек, “яна бир зарбани бошдан кечираётган” Сурия халқини ҳам қўллаб-қувватлашини билдирган.
Сўнгги хабарларда Туркияда зилзила қурбонлари сони 284 кишига етгани айтилмоқда. 2,5 минг киши жабр кўрган, деб маълум қилган мамлакат вице-президенти Фуат Октай.
Қурбонларнинг энг катта қисми зилзила маркази бўлган Қаҳрамонмараш вилояти аҳолисига тўғри келмоқда. Бу ерда 70 киши қурбон бўлган, 300 га яқин бино вайрон бўлган. Зилзиладан энг кўп жабр кўрганлар (600 киши) Шанлиурфа вилоятига тўғри келмоқда, дейилади хабарда.
Энг сўнгги хабарларга кўра, Туркиянинг бир қатор вилоятларида содир бўлган ҳалокатли зилзила оқибатларини бартараф этиш учун Эронлик ёрдам гуруҳи Туркияга йўл олган. Шунингдек, Озарбайжондан ҳам ёрдам гуруҳлари ва армия Туркияга йўл олгани айтилмоқда.
Туркия ҳукумати шошилинч халқаро ёрдам сўрамоқда, дейилади ОАВ хабарларида.
(Маълумотлар интернет хабарларидан олинди)
С.Раҳимов, ЎзА