“Анадолу” ахборот агентлиги хабарига кўра, Туркия жануби-шарқидаги Қаҳраманмараш вилоятининг Пазаржик ҳудудида содир бўлган 7,4 магнитудали зилзила оқибатида маҳаллий вақт билан соат 06.30 ҳолатига кўра, мамлакатнинг етти вилоятида 76 киши ҳалок бўлди, 440 киши жароҳат олди.
Бу ҳақда 6 февраль, душанба куни Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бошқармасида (AFAD) маълум қилинди.
Департаментга кўра, зилзила душанба куни эрталаб маҳаллий вақт билан соат 04.17 да содир бўлган. Зилзиладан сўнг, соат 06.30 ҳолатига кўра, 42 та ер силкиниши қайд этилган, энг кучлиси 6,6 баллни ташкил қилган.
Мамлакатда энг юқори огоҳлантириш даражаси эълон қилинди. Расмийлар халқаро ёрдамга мурожаат қилишди.
Турк Қуролли кучлари Бош штаби қутқарув гуруҳларини ташиш учун фалокат ҳудудига иккита самолёт юборди.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Адана, Малатя, Газиантеп, Диярбакир, Ҳатай, Адияман, Усмония ва Шанлиурфа вилоятлари ҳокимлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат раҳбарига зилзила оқибатлари, қидирув-қутқарув ишлари ҳақида маълумот берилди.
ЎзА