Тинчлик ва барқарорликни таъминлаш – минтақа хавфсизлигининг гарови

«Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси матбуот марказида 24 март куни “Тинчлик ва барқарорликни таъминлаш – минтақа хавфсизлигининг гарови” мавзуида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот марказлари, академик доиралар вакиллари, маҳаллий ва хорижий журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон – Афғонистон муносабатлари узоқ тарихга эга. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу ҳамкорликни юқори босқичга кўтариш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг Афғонистон муаммосини ҳал қилиш борасидаги ташаббуслари ва ушбу мамлакатда иқтисодий лойиҳаларни амалга ошираётганида намоён бўлмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси А.Курманов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, «Ўзтрейд» АЖ раиси Ш.Раҳмонов ва бошқалар таъкидлаганидек, Ўзбекистон ҳар доим Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келган. Давлатимиз раҳбарининг юксак минбарлардан туриб, афғон заминида барқарорликни таъминлашнинг энг тўғри йўли сифатида томонларни сиёсий музокаралар олиб боришга таклиф этгани, Афғонистонда тинчлик таъминланиши Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши учун муҳим ўрин тутиши ҳақидаги фикрлари шу жиҳатдан жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилаётган Афғонистон бўйича юқори даражали Тошкент конференцияси ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш орқали унинг минтақавий иқтисодий-ижтимоий жараёнларга қўшилиши учун ҳар томонлама шарт-шароит яратади.

Семинарда Афғонистонда сиёсий дипломатияни йўлга қўйишда Тошкент конференциясининг аҳамияти, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги савдо айланмаси ҳажмини ошириш, энергетика, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги алоқалар истиқболлари, маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳақида сўз юритилди.

– Афғонистон асрлар давомида Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида ривожланиб келган, – дейди Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев. – Халқларимизни боғлаб турган ягона тарих, умумий маданият бугун турли соҳалардаги ҳамкорлик учун қулай замин яратмоқда. Икки томон учун бирдек манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқиш йўлида салмоқли келишувлар амалга оширилмоқда. Афғонистон темир йўл тармоғини ривожлантириш, йўналишларни кенгайтириш борасидаги ташаббуслар шулар жумласидан. Келишувлар асосида ўзбекистонлик мутахассислар томонидан Термиз – Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўли қуриб, фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунга келиб Мозори Шариф – Ҳирот йўналиши бўйича темир йўл қурилиши лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Мазкур тармоқнинг узунлиги 650 километрни ташкил қилади. Бу савдо айланмасини сезиларли кўпайтириш ва Афғонистоннинг транзит экспорти ҳажмини оширишга хизмат қилади. Буларнинг бари Афғонистонда тинчликни қарор топтиришга бевосита боғлиқ. Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бу борадаги ташаббусларнинг янги йўналишини бошлаб беришига ишонамиз.

Тадбирда мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар каби соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан маърузалар тингланди.

Шу куни матбуот марказида Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазият, ўзбек ва афғон халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари, ушбу мамлакатда яшаётган турли этник гуруҳлар, жумладан, ўзбек миллатига мансуб аҳолининг тарихи ва тақдирига бағишланган шуъба йиғилиши ҳам ташкил этилди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА