Бу йил сайёрамизнинг жуда кўп минтақаларида қаҳратон совуқ ҳар йилгидан ҳам кучлироқ бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Об-ҳавошуносларнинг маълум қилишича, Мексикада шу кунларда ҳарорат бир даражагача тушиб кетиши мумкин. Гап шундаки, ҳароратнинг 1 даражага тушиб кетиши мексикаликлар учун аввал кузатилмаган аномаль об-ҳаво ҳолати ҳисобланади. Бундан ташқари, мамлакатнинг айрим ҳудудларида музлаган ёмғир ёғади, дейилади «Россия 24» берган хабарда.
Хабарда таъкидланишича, Мексика ҳукумати муҳтожларга иссиқ овқат ва кўрпа-тўшаклар тарқатишни бошлаган. Шаҳарликларга имкон қадар уйда қолиш, иссиқроқ кийиниш ва дастлабки шамоллаш аломатлари кузатилса шифокорларга мурожаат қилиш тавсия қилинмоқда.
Мексиканинг шимолида кузатилаётган совуқ туфайли ҳозиргача камида 26 киши вафот этгани, 70 киши исиниш жараёнида ис газидан заҳарлангани ёки куйиш жароҳатини олгани айтилмоқда.