Бугунги кунда электр энергияси танқислиги бутун дунёни ташвишга солаётган долзарб муаммолардан бирига айланган. Шу боис қайта тикланадиган энергия манбалари мавзуси фақат мутахассисларни эмас, балки оддий одамларни ҳам қизиқтирмоқда. Зеро, иқлим инқирозини тўхтатиш учун мамлакатлар имкон қадар тезроқ яшил технологияларга ўтиши давр талабидир.

Қайта тикланадиган энергия манбалари тарихига назар

Маълумки, қайта тикланадиган энергиянинг энг кўп тилга олинадиган турлари – қуёш, шамол ва сув энергетикаси. Маълумотларга кўра, инсоннинг шамолдан фойдалана бошлаши антик даврларга бориб тақалади. Бу ўринда 5500 йил аввал қадимги Миср, Греция ва бошқа цивилизациялар фойдаланган елканли кемаларни эслаш кифоя. Шамол тегирмонлари асрлар давомида Шарқда – Хитой, Форс заминида ва бошқа юртларда ишлатилган. Фақат X-XII асрларга келиб Европага кўчган. Шамол энергетикаси ривожида бурилиш нуқтаси 1973 йил бўлди. Ўшанда етказиб берувчилар томонидан эмбарго эълон қилинган ва нефть нархи кескин кўтарилган. Натижада муқобил энергия манбаларига қизиқиш кучайган. 1980 йил AҚШда 20 турбинага мўлжалланган дунёдаги биринчи шамол станцияси очилди.

Қуёш батареялари, яъни ёруғликни электрга айлантириш таъсирини ўрганиш дастлаб француз физиги Александр Эдмонд Бекерел томонидан 1842 йилда кашф этилди. Чарльз Фриттс нурни электрга айлантириш учун кимёвий унсур — селендан фойдаланишни таклиф қилди. Қуёш батареяларининг дастлабки прототипи италиялик олим Жакомо Луижи Чамичян томонидан яратилган.

Орадан қарийб бир аср вақт ўтиб, аниқроғи, 1948 йил 25 мартда “Bell Laboratories” томонидан электр токи ишлаб чиқаришга мўлжалланган биринчи қуёш батареяси яратилди. Айни пайт AҚШ, Хитой ва бошқа кўплаб мамлакатлар қуёш энергиясини фаол ривожлантирмоқда.

Жанубий Корея ҳам қайта тикланадиган энергиядан фойдаланишда илғор

Қайта тикланадиган энергия улуши ўсиб бориши бўйича Жанубий Корея юқори ўринларда бормоқда. 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришиш режаси биринчилардан бўлиб Сеул томонидан эълон қилинди. Шаҳар иссиқхона гази эмиссиясини нолга тушириш йўлида икки муҳим мақсадни кўзлаган: эмиссияни 2030 йилгача 40, 2040 йилга келиб 70 фоизга қисқартириш.

Сеул инсон, табиат ва келажак технологиялари уйғун ҳолда яшайдиган барқарор шаҳар тараққиёти моделини ўзида мужассамлаштиришга қарор қилди. Бунинг учун энергия тежовчи бинолар қурилади, ҳаракат яхшиланади. Майдонлар кўкаламзорлаштирилиб, тоза энергиядан фойдаланиш жорий қилинади, чиқинди самарали бошқарилади.

Яшил энергияни ривожлантириш чора-тадбирлари Сеулнинг 2050 йилгача иқлим нейтраллигига эришиш режасининг ажралмас қисмига айланди. Жанубий Корея пойтахтида қайта тикланадиган энергия манбаларини шаҳар маконига жорий этиш бўйича дунёдаги энг йирик лойиҳалардан бири – “Қуёш шаҳри-2022” амалга оширилмоқда.

Хўш, нега Сеул қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга қарор қилди?

Сеулнинг қуёш энергиясини ривожлантириш дастури 2017 йил, углерод нейтраллиги режаси эълон қилинишидан олдин ишлаб чиқилган. Ушбу қарорнинг бир неча асосий сабаби бор.Биринчиси – ҳаво ифлосланиши. Ўн миллион кишилик Сеулда ҳавонинг ифлослик даражаси мамлакатда энг юқори. Қазиб олинадиган ёқилғида ишлайдиган иссиқлик электр станцияларини қуёш энергетикаси объектлари билан алмаштириш ҳаво ифлосланиши кўрсаткичини кескин туширади. Зеро, қуёш электр станцияларининг ишлаши нафақат иссиқхона гази, балки соғлиқ учун хавфли бўлган бошқа моддалар камайишига сабаб бўлади.

Яна бир сабаб – ядро энергетикаси хавфидан қочиш. Маълумки, 2011 йил Япониядаги Фукусима-1 атом электр станциясидаги авария оқибати Корея жамиятини ҳам атом энергетикаси хавфи ҳақида ўйлашга мажбур қилди ва хавфсизроқ, тоза энергия манбаларига талаб ортишига олиб келди. 2012 йил Сеул маъмурияти фуқаролик жамияти иштирокида атом энергиясига қарамликни камайтириш бўйича “Бир атом электр станцияси” лойиҳасини ишлаб чиқди. Атом энергиясидан босқичма-босқич воз кечиш сценарийлари миллий даражада муҳокама қилина бошлади. Сеул ушбу лойиҳани энергия самарадорлиги ва тежаш, энергия самарадорлиги ва қайта тикланадиган энергияни қуриш дастурлари орқали амалга ошира бошлади. Натижада нефть эквивалентида 6,87 миллион тонна ёқилғини тежаш имкони пайдо бўлди. Бу сиёсат Сеулда қуёш энергиясига ўтиш дастурининг муҳим босқичи эди.

Сеул қандай қилиб қуёшли шаҳарга айланади?

Сеул “Қуёш шаҳри-2022” лойиҳаси учун 1.5 миллиард доллар ажратди. Бу  асосан давлат инвестицияси ҳисобланади. Лойиҳанинг иқлимий мақсади пойтахтни ҳар йили 544 минг тонна CО2е иссиқхона газини камайтиришга қодир ўзини ўзи таъминлайдиган тоза энергия шаҳрига айлантиришдир.

Ушбу режани амалга ошириш учун шаҳар маъмурияти Сеулдаги барча жамоат бинолари ва турар-жойларнинг чорак қисмини кичик қуёш электр станцияси билан жиҳозлашга қарор қилди. Ушбу панеллар пойтахтда истеъмол қилинадиган электр энергиясининг, тахминан, 10 фоизини ишлаб чиқариши кўзда тутилган. Қуёш панеллари турли маъмурий ва жамоат бинолари, мактаб, университет, касалхоналар, ўт ўчириш станциялари, ибодатхоналар, боғлар, автотураргоҳ ва бошқа қулай жойларда пайдо бўла бошлади. Масалан, Сеулнинг қоқ ўртасида – Кванхвамуннинг марказий майдонида чироқлар, скамейкалар ва ҳатто, ахлат қутиларида қуёш модулларини кўриш мумкин.

Яна бир қизиқ маълумот. Жанубий Кореяда катта магистрал ўртасида 32 километрга чўзилган қуёшли велосипед йўли яратилди. Бу нафақат велосипедчиларни қуёш нуридан ҳимоя қилади, балки автомагистрални ёритиш, электр транспорт воситаларини зарядлаш станциялари билан таъминлаш учун етарли яшил электр энергияси ишлаб чиқаради.

Сеул ҳукумати ўзаро боғланган ва бир-бирини мустаҳкамловчи чора-тадбирлар мажмуаси орқали шаҳарнинг қуёш энергиясини ўзгартиришга ёрдам беришга қарор қилди. Бу ҳужжат билан биноларга қуёш модулларини ўрнатиш учун шаҳар бюджетидан пул ажратилди, мосламаларни дераза ва бинолар ташқи деворига жойлаштиришга рухсат берилди. Фуқароларга уй-жой қуёш электр станцияларини ижарага олишга доир махсус имтиёзли схема таклиф этилди. Бу асбоб-ускунани аҳоли учун анча арзонлаштирди. Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги янги қурилаётган уйларга қуёш панели ўрнатишни буюрди. Қурилганларида эса шаҳар бюджетидан панел жорий қилиш учун субсидия ажратилади.

Энг муҳими, бинолар томи ва фасадида қуёш электр станцияларини ўрнатиш ва тармоққа улашнинг бюрократик тартиби соддалаштирилди. Шаҳарнинг фойдаланилмаётган ерлари қуёш батареясидан кенг миқёсда электр энергияси ишлаб чиқариш учун хусусий инвесторлар ва энергетика кооперативларига ижарага берилди. Шаҳарда қуёш электр станциялари энергияси учун махсус тўлов тарифи жорий этилди. Бунинг ёрдамида панел ўрнатган аҳоли энди нафақат электр энергияси учун тўлов маблағини тежаш, балки ортиқча электр энергиясини сотишдан ҳам даромад олиши мумкин. Энергетика стартаплари мактаби очилди. Бундай муассасаларда қуёш энергияси соҳасида бизнес очишни режалаштирганлар бепул ўқитилади.

“Solar City-2022” Сеулнинг кейинги энергияга ўтиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири, холос. 2050 йилга бориб қуёш энергиясидан олинадиган электр энергияси улушини беш баробар ошириш, умумий ўрнатилган қувватни 5 ГВтга етказиш режалаштирилган.

Мамлакатимизда бу борада қандай ишлар амалга ошрилмоқда? Сеул тажрибасидан қандай фойдаланиш мумкин?

Юртимизда ҳам қайта тикланадиган энергия манбаларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳукумат ва давлат раҳбари томонидан кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилиняпти. Куни кеча Президентимиз раҳбарлигида қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари бўйича йиғилиш ўтказилди. Қайд этилишича, ижтимоий объектларда қуёш энергиясидан фойдаланиш учун ташкил этиладиган алоҳида компанияга 200 миллион доллар маблағ берилади. Компания қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўзи ўрнатади ва бюджет корхонасига “яшил энергия” сотади.

Шу билан бирга энергия ресурсларини иқтисод қилиш чоралари кўрсатиб ўтилди. Аҳолининг қуёш энергиясидан фойдаланиши учун жозибадор тизим яратиш вазифаси қўйилди. Давлатимиз раҳбари йирик корхоналарда ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, умуман, электр билан ўзини ўзи таъминлашга ўтиш кераклигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги берган маълумотга кўра, сўнгги 3.5 йил ичида хорижий корхоналар билан ҳамкорликда қуввати 2 897 мегаваттга тенг қуёш ва шамол электр станциялари қуриш бўйича 10 та битим имзоланди. Умумий қиймати, қарийб, 3 миллиард долларни ташкил этадиган лойиҳаларнинг бари чет эл компанияларининг тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан амалга оширилади.

Таъкидлаш жоиз, юртимизда қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергияси ишлаб чиқариш суръатини ошириш бўйича дадил қадамлар ташланмоқда. Хусусан, 2021 йил август ойида Навоий вилояти Кармана туманида биринчи 100 мегаватт қувватли йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. 2022 йил май ойида Самарқанд вилояти Нуробод туманида ҳам худди шундай иккинчи станция ишга туширилди. Шунингдек, 2023-2024 йил якунига қадар қуввати 1 197 мегаватт бўлган 5 та қуёш ва шамол электр станцияси фойдаланишга топширилади.

Эътиборли жиҳати, тизимли ишлар натижасида 2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуввати 8 000 мегаваттли қуёш ва шамол электр станциялари, 868 мегаватт қувватга эга гидроэлектр станциялари ишга туширилиши кўзда тутилган. Яқинда бу соҳада яна бир тарихий қадам ташланди. Мамлакатимиз тарихида илк бор аҳоли хонадонида ўрнатилган қуёш панели ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергияси давлат томонидан сотиб олиниши амалиёти йўлга қўйилди. Давлат хонадонларда ўрнатиладиган қуёш панели ва қуёш-сув иситиш қурилмасини ўрнатишда жисмоний шахсларга бир қатор имтиёзлар жорий қилмоқда. Жисмоний шахс қуёш панели ва қуёш-сув иситиш қурилмасини онлайн сотиб олиши учун платформа ишга туширилди.

– Жамғарма томонидан 2022 йил 1 октябрдан бошлаб фуқароларга қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилиш имконини берувчи онлайн электрон платформа (Energymarket.uz) ишга туширилди, – дейди Энергетика вазирлиги хузуридаги Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси бўлим бошлиғи Обид Аҳмедов. – Бу тизим орқали фуқаролардан 64.1 миллиард сўмлик ариза келиб тушган. Платформа ишга тушгандан буён қурилма ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 56 фуқарога 139 кВтлик Қуёш электр станцияси ва 3 906 литрлик Қуёш-сув иситгичини компенсация тарзида ажратиш ёки бўлиб тўлаш шарти билан шартнома имзоланиб, жамғарма томонидан молиялаштириб келинмоқда. Энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, муқобил энергетикани ривожлантириш мақсадида тижорат банкларига “яшил энергия” кредит линияси очилган. Мамлакатдаги йирик давлат тижорат банклари билан жами 305.0 миллиард сўм миқдорида бош битимлар имзоланди.

Бир сўз билан айтганда “Яшил энергия”, “Яшил иқтисод” тушунчаларини халқимиз онгига сингдириш, бунинг афзаллиги, табиат ва инсоният учун қулайлигини доимий равишда тушунтириб бориш керак. Яшил энергия тизимига ўтиш мушкул, бироз қиммат ҳам бўлиши мумкин. Бинобарин, соҳани ривожлантириш, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз ободлигини таъминлаш йўлида экологик тоза энергия воситаларидан оқилона фойдаланиш учун юртимизда барча имконият мавжуд.


Гўзал Сатторова, ЎзА