2 январдан 29 январгача қарийб 20 миллион киши коронавирусга чалинган, 114 мингдан ортиқ бемор вафот этди. Ўлим ҳолатлари сони аввалги 28 кун билан солиштирганда 65 фоизга ортган, деб ёзмоқда ТАСС агентлиги.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) ахборот бюллетенига кўра, ўтган тўрт ҳафтада коронавирусга чалиниш бўйича 19 миллион 955 минг 978 та ҳолат қайд этилган ва 114 минг 372 бемор вафот этган.
Коронавирус юқтириш ҳолатлари, айниқса, Хитой, Япония, АҚШ, Корея Республикаси ва Бразилияда кўп кузатилди.
ЖССТ маълумотига кўра, 1 февраль ҳолатида пандемия бошлангандан буён сайёрамизда коронавирус билан касалланганлар сони 753 миллион 651 минг 712 кишини ташкил этди. 6 миллион 813 минг 845 бемор ҳаётдан кўз юмган.