«Туркия Президенти лавозимига такроран номзодимни кўрсатишга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Бу ҳақда баҳс юритиш шарт эмас, деб ҳисоблайман. Бу, сувни лойқалатишга уриниш», – дея таъкидлади Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған TRT телеканалига берган интервьюсида.
Туркия мухолифатчилари вакиллари Эрдоғаннинг президентликка қайтадан номзодини қўйиши конституцияга зид, чунки унинг жорий президентлик муддати ҳисоб бўйича иккинчиси бўлади, демоқда. Аммо Туркия ҳукумати 2017 йилда бўлиб ўтган конституция ислоҳотидан кейин Эрдоғаннинг президентлик муддати йўққа чиққанини рўкач қилмоқда. Туркия Президентининг фикрича, мухолифат сайловда мағлуб бўлишдан қўрқмоқда, шу боис ушбу мавзуни энди кўтариб чиқмоқда.
Туркия Адлия вазири Бакир Боздоғ ҳам Эрдоғаннинг президентликка номзод кўрсатишига ҳеч қандай қонуний тўсиқ йўқлигини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, Эрдоған учун ҳозирги президентлик муддати Туркиянинг 2018 йилда президентлик бошқарувига ўтганидан кейинги биринчиси ҳисобланади. Туркияда Президент сайлови жорий йилнинг май ойида бўлиши кутилмоқда.