Буюк Британия, Италия ва Япония жорий йил охиригача янги авлод қирувчи самолёт яратиш бўйича халқаро компания ташкил этиш ниятида. Бу ҳақда сешанба куни Bloomberg агентлиги хабар тарқатди.
Хабарда таъкидланишича, айни пайтда мазкур масала муҳокама қилинмоқда, компания ташкил этиш муддати ўзгариши ҳам мумкин. Томонлар ҳозирча компания қаерда рўйхатдан ўтиши бўйича қарор қабул қилишмаган.
Музокараларда асосий эътибор Буюк Британия лойиҳанинг етакчи ҳамкори бўладими ёки томонлар тенг улушга эга бўладими, деган масалани ойдинлаштиришга қаратилмоқда. Шунингдек, томонлар интеллектуал мулкчилик ва тижорий ҳуқуқ қайси мамлакатга тегишли бўлиши борасида ҳам бир тўхтамга келгани йўқ.
2022 йил декабрда Япония мудофаа вазирлиги манбалари Jane’s ахборот-таҳлилий гуруҳига олтинчи авлод қирувчи самолётларини яратиш истиқболи ҳақида маълумот берган эди. Ўшанда мазкур Global Combat Air Programme бирлашган дастур доирасида амалга оширилаётган лойиҳада Япония, Буюк Британия ва Италия иштирок этиши айтилганди.
Хабарда келтирилишича, лойиҳа Британиянинг BAE Systems, Япониянинг Mitsubishi Heavy Industries, MHI ва Италиянинг Leonardo корпорациялари томонидан амалга оширилади.