Кеча, 31 январь куни Парижда пенсия ислоҳотига қарши бўлиб ўтган намойиш иштирокчиларининг сони 87 минг нафарни ташкил этди, деб хабар берди “Le Parisien” газетаси Франция пойтахти полициясига таяниб.
19 январь куни ўтган касаба уюшмаларининг биринчи оммавий намойишида 80 минг киши Париж кўчаларини тўлдирган эди.
Шу билан бирга, «Occurrence» мустақил мониторинг маркази сешанба куни намойишчилар сонини 55 минг, деб ҳисоблаган бўлса, акция ташкилотчиси Умумий меҳнат конфедерацияси маршда 500 минг киши қатнашганини маълум қилди.
Конфедерация маълумотларига кўра, бутун Франция бўйлаб намойишларда икки миллион 800 минг киши иштирок этган. Расмийлар ҳали намойишчиларнинг умумий сони ҳақида фикр билдирмаган. Маълумки, энг йирик акциялар Лион, Ренн, Руан, Марсель, Нант ва Монпелье шаҳарларида бўлиб ўтган.
Париждаги намойишда қатнашган 30 киши ҳибсга олинган, бироқ улар сонининг ошиши айтилмоқда. Тажовузкор юриш иштирокчилари полиция билан тўқнашган. Натижада ҳуқуқ идоралари кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.
ЎзА