Фахрийларни эъзозлаш, уларнинг хизматларини эътироф этиш, ҳолидан хабар олиш, эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос бўлган азалий анъаналаримиздан бири саналади.

Миллий олимпия қўмитасида мамлакатимизда яккакураш спорт турларининг ривожланишида муносиб хизмат қилиб келаётган фидойи спорт мутахассиси, юзлаб чемпионлар устози Арслон Эловнинг 75 ёшни, Ўзбекистонда трамполин спорти пойдеворини яратган мутахассислардан бири Разия Якубованинг 70 ёшни қарши олганлиги муносабати тадбир ташкил этилди.

МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, бир гуруҳ спорт фахрийлари иштирок этган маросимда ҳар икки спорт фахрийсининг мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт ривожига қўшган ҳиссаси, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги хизматлари, жаҳон чемпионлари, олимпия ўйинлари иштирокчиларини тайёрлашдаги фидойилиги алоҳида таъкидланиб, Миллий олимпия қўмитасининг медаллари, Ўзбекистон касаба уюшмалари, Гимнастика федерацияси эсдалик совғалари топширилди.


Т.Рўзиев, ЎзА