Мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг ишига аралашганлик, ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Аммо тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварағидаги маблағини қонунга хилоф равишда ўтказиш, олиб қўйиш ёки ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Хусусан, 2021-2022 йиллар давомида Бизнес-омбудсманга тадбиркорлардан шундай мазмунда жами 840 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 557 таси ижобий ҳал этилган.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинар экан, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш муҳим масала эканлиги алоҳида таъкидланди.

Қонун лойиҳаси билан тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Жумладан, банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини тадбиркорлик субъектларининг розилигисиз қонунга хилоф равишда кўчириш ёки олиб қўйиш жарима солинишига сабаб бўлади. Агар бундай ҳолатлар яна содир этилса, жарималар миқдори янада оширилади. Жумладан, БҲМнинг 300 бараваригача (90 миллион сўм) бўлган миқдорда жаримага тортилишига сабаб бўлади ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан ёхуд озодликдан маҳрум қилинади. Агар бундай ҳаракатлар тадбиркорга кўп миқдорда зарар етказган бўлса ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, БҲМ 600 бараваригача (180 миллион сўм) миқдорда жарима ёки 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар қатор таклифлар берди.

«Ҳозирда жисмоний шахслар картаси ёки омонатидаги пул маблағини ноқонуний ечиб олиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда, — деди депутат Жаҳонгир Абдурасулов. — Қонунчиликда эса бунга нисбатан аниқ чора белгиланмаган. Шундай экан, мазкур қонун лойиҳаси нормасига фақат тадбиркорлар эмас, жисмоний шахслар ҳам киритилиши лозим».

Қизғин баҳс-мунозаралардан кейин қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда маъқулланди.


Муҳтарама Комилова, ЎзА