Нидерландияда давом этаётган “Tata Steel Chess” халқаро турнирининг 12-тур баҳслари бўлиб ўтди.
“Мастерс” гуруҳида пешқадамлик қилаётган Нодирбек ушбу турда америкалик Уесли Со билан қора доналарда ўйнади. Шиддатли ва ўзига хос комбинацион усулда ўтган баҳс давомида америкалик шахматчи гарчи оқ доналарда ўйнаган бўлса-да партиянинг сўнгига қадар ҳимояланиш позициясида ҳаракатланди. Абдусатторовнинг 41-юришидан кейин Уесли Сонинг таклифи билан дурангга келишилди.
Халқаро турнирнинг 12-туридаги деярли барча учрашувларда муроса йўли танланди. Фақат эронлик Пархам Магсудлу ва ҳиндистонлик Аржун Эригаиси “дуэли”да 1-0 ҳисобидан эронлик шахматчининг қўли баланд келди.
Ортда қолган ўйинлар сарҳисобига кўра, Нодирбек Абдусатторов 8 очко билан етакчиликни давом эттирмоқда. Иккинчи ўринда бораётган Аниш Гири ҳисобида 7,5 очко бор. 3-4-ўринларда жойлашган Магнус Карлсен ва Уэсли Со – 7 очкодан тўплаган. 5-7-ўринларни банд этган Левон Аронян, Фабиано Каруана ва Ричард Раппорт – 6,5 очко жамғаришган бўлса, 8-ўринни эгаллаб турган Пархам Магсудлу, 9-ўринда қайд этилган Рамешбабу Праггнананда, 10-12-ўринларда ҳаракатланаётган Дин Лижэнь, Гукеш ва Жорден ван Форест ҳамда 14-ўринни кўриниш бериб турган Арджун Эригаисилар етакчилик даъвосидан воз кечган ҳолда чиройли ўйин кўрсатиш учун мусобақада қатнашмоқда.
Шунингдек, “Челленжер” гуруҳининг 12-турида шахматчимиз Жавоҳир Синдоров оқ доналарда эронлик Амин Табатабеи билан куч синашди ва дурангга эришди.
“Челленжер” гуруҳининг 12-тур ўйинларидан кейин Германия шарафини ҳимоя қилаётган Александр Донченко 9 очко жамғариб, етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринда бораётган туркиялик Мустафа Йилмаз 8, ҳамюртимиз Синдоров эса 7,5 очкога эга бўлиб турибди.
Бугун, 29 январь куни халқаро турнирнинг сўнгги 13-тур ўйинларида Нодирбек Абдусатторов нидерландиялик Жорден ван Форестга, Жавоҳир Синдоров норвегиялик Томас Бердсенга қарши дона суради.
Т. РЎЗИЕВ, ЎзА