Суғориш каналларидаги барча сув олиш нуқталарига турбулент оқимли гидротурбиналарни ўрнатиш натижасида 1,1 миллион уй хўжалигини соф электр энергияси билан таъминлаш мумкин. Бу жами уй хўжаликларининг 15 фоизини ташкил этади.

Музликлар, дарёлар, кўллар, сув омборлари, трансчегаравий дарёлар ва ерости сувлари Ўзбекистоннинг гидроэнергетика салоҳияти манбаидир.

Экспертларнинг таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистондаги дарё оқимларининг назарий гидроэнергетика салоҳияти йилига 88,5 миллиард кВт•соатни, техник гидроэнергетика салоҳияти эса 27,4 миллиард кВт•соатни ташкил этади. Ҳозир ушбу салоҳиятнинг қарийб 24 фоизидан фойдаланилмоқда.

Гидроэнергетика соҳасида йилига ўртача 6 миллиард кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Унинг аҳоли жон бошига улуши 168 кВт•соатни ташкил этади.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Писком дарёси республика бўйича ўрганилган сув оқимларининг энг катта салоҳиятига – 1 324 МВт қувватга эга. Бу Ўзбекистондаги мавжуд гидроэнергетика ресурсларининг 45,3 фоизи демакдир.

2022 йилда жами электр энергиясининг 9 фоизи ва амалдаги қувватларнинг қарийб 12,9 фоизи гидроэлектр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган.

Тадқиқот давомида ҳудудларнинг гидроэнергетика рейтинги тузиб чиқилди. 14 та ҳудуддан 9 тасида гидроэлектр станцияси мавжуд. Рейтинг бўйича 1-ўринни Тошкент вилояти эгаллади. Бухоро, Жиззах ва Фарғона вилоятларида рейтингдаги ўрнини яхшилаш имконияти мавжудлиги аниқланди. Келажакда  ҳудудларда хусусий инвесторлар томонидан қуввати 500 кВтгача бўлган кичик гидроэлектр станцияларини қуриш ва қўшимча 202,7 миллион кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин.

Эксперт баҳолаш натижаларига кўра, маҳаллий шароитда турбина хариди, 300 м3 темирбетон ишлари ва 100 кВтли турбулент оқимли кичик ГЭСни ишга тушириш учун 230 минг АҚШ доллари миқдорида пул маблағи сарфланади.  Ушбу қурилма энг юқори қувватда ишлаганда йилига 864 минг кВт•соат, мавсумий сув оқимида ишлаганда эса йилига 576 минг кВт•соат электр энергиясини ишлаб чиқаради. “Яшил” тарифлар қўлланилиб, барча солиқлар ва тўловлардан озод қилинганда лойиҳа ўзини 5-7 йилда қоплайди.


ЎзА