«Кеча тунда адлия вазирлиги товламачи-хакерлар халқаро тармоғини йўқ қилди. Улар АҚШ ва бутун дунёдаги юз миллионлаб кишиларга нисбатан товламачилик қилган ёки шунга уринган», – дейилади вазирлик сайтида бош прокурор Меррик Гарландга таяниб берилган хабарда.
Адлия вазирлигининг маълум қилишича, АҚШ Федераль қидирув бюроси (ФҚБ) жиноий гуруҳнинг компьютер тармоғига кириб, уларнинг паролини қўлга киритган ва хакерларнинг бутун дунёдаги қурбонларига жўнатган. Шундай қилиб, товон кўринишидаги талаб қилинган 130 миллион доллар тўланишининг олдини олган. Хабарда таъкидланишича, 2021 йил июнь ойидан буён 1 минг 500 киши мазкур халқаро хакерлар гуруҳининг қурбонига айланган. Шу давр мобайнида гуруҳ товон сифатида 100 миллион доллар атрофида маблағни қўлга киритган.
Hive хакерларининг қурбонлари орасида касалхоналар, мактаблар, молиявий фирмалар ва бошқа бир қатор муҳим инфратузилмаларга эга ташкилотлар бор. Масалан, уларнинг хакерлик ҳужумларидан бири касалхона сайтига уюштирилган. Натижада касалхона тиббий ёрдам беришнинг улар талаб қилган усулига ўтишга мажбур бўлиб, янги беморларни қабул қила олмай қолган. Вазиятни тўғрилаш учун эса, табиийки интернет жиноятчилар пул талаб қилишган.