Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев кучли рақобат, адолат ва ошкоралик руҳида ўтган сайловлар натижасида бешинчи чақириқ Сенатнинг таркиби сифат жиҳатидан юқори даражада шаклланганини қайд этди.
Эътиборлиси, Сенат аъзоларининг қарийб 27 фоизи ёки 16 нафари хотин-қизлардир. Бу эса, оила, оналик ва болалик, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, умуман, ижтимоий масалалар бўйича қонунчилик фаолияти ҳамда парламент назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шулар ҳақида Олий Мажлис Сенати аъзоси Малика Қодирхонова ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
– Янги таҳрирдаги Конституция асосида ихчам таркибда шаклланган Сенат жамиятимизнинг турли соҳаларида катта тажриба ва билимга эга бўлган мутахассислардан ташкил топди.
Улар орасида олимлар, ижтимоий-сиёсий жараёнларда иштирок этиб келаётган фаол аёлларнинг борлиги қонунлар сифати ва уларнинг ижтимоий аҳамиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, маҳаллий Кенгашлар таркибининг 60 фоизга янгилангани, хусусан, ёшлар ва аёллар улушининг ошгани маҳаллий Кенгашлар томонидан қарорлар қабул қилиш жараёнига янги ташаббус ва замонавий ёндашувларни олиб киради.
Ёшларнинг ташаббускорлиги, аёлларнинг ижтимоий масалалардаги фаол иштироки жойлардаги муаммоларга тезкор ва самарали ечим топиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Янгиланган Сенат ва маҳаллий кенгашларнинг ҳамжиҳатликдаги фаолияти халқнинг ишончини оширади, демократик жараёнларни мустаҳкамлайди ва давлат бошқарувини янги босқичга олиб чиқади.
Бизнинг вазифамиз – ушбу имкониятларни самарали ишга солиб, халқ манфаатларини ҳимоя қилиш ва жамият ривожига ўз ҳиссамизни қўшишдир.
Н.Абдураимова,
ЎзА