Президентимиз Шавкат Мирзиёев 21 март куни Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Наврўз сайилларида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб шаҳардаги марказий истироҳат боғида яқинда ўрнатилган Алишер Навоий ва Жомий ҳайкаллари пойига гул қўйди. Шу ерда самарқандлик ижодкорлар ҳамда Наврўз шодиёналарида иштирок этиш учун юртимизга келган тожикистонлик шоир ва ёзувчилар билан мулоқот чоғида давлатимиз раҳбари ўзбек ва тожик адабиётининг бу икки буюк вакили хотирасига ўрнатилган ёдгорлик халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик, яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев боғда намойиш этилаётган маданий дастурлар, миллий халқ ўйинларини томоша қилди. Вилоят фаоллари, жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва ёшлар билан суҳбатлашиб, уларни байрам билан табриклади.

– Самарқанддаги Наврўз тантаналарида иштирок этишимиз Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг оқилона сиёсати самарасидир, – дейди Хўжанд давлат университети профессори Абдусалом Абдуқодиров. – Яқинда Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизга ташрифи давомида имзоланган бир қатор ҳужжатлар, айниқса, чегара ва виза бўйича эришилган келишувлар йиллар давомида ўз яқинлари, биродарларини кўришга орзуманд халқларимизни мамнун этди. Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи ҳудудида тожик ва ўзбек адабиётининг буюк мутафаккирлари – Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкаллари ўрнатилгани азалдан қардош халқларимиз кўнглидаги иш бўлди. Бу саъй-ҳаракатлар азалий анъаналаримиз, маданий алоқаларимизнинг бардавомлиги намунасидир.

 

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА