Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида ўтказган видеоселектор йиғилишида “Хитой мўъжизаси”нинг муаллифи ҳисобланувчи Дэн Сяопинни кўпроқ ўқишни тавсия қилди.
Хитойнинг сўнгги 40 йилликда қўлга киритган ютуқлари замирида иқтисодий тизимидаги олиб борган самарали ислоҳотлари туришини бугунги кунда таҳлилчилар тан олмоқда. Ислоҳотлар бошланган йилларда Хитойда деярли хусусий корхоналар йўқ эди. Бугунги кунда улар умумий ишлаб чиқаришнинг 75 фоизини ташкил қилмоқда. Бу мамлакатда нафақат хусусий мулкчиликка, балки иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига ҳам муносабат тубдан ўзгарди. Авваллари ишлаб чиқариш ва истеьмол марказлашган бўлса, эндиликда улар фирма ва оилалар қўлига ўтди. Олиб борилган туб ислоҳотлар натижасида маъмурий буйруқбозлик ўрнини иқтисодий ташаббускорлик, бозорга мослашув, рақобатбордошлик эгаллади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, “индивидуал ташаббусларнинг эркинлиги иқтисодий тараққиёт омили эканлигини” Хитойдаги ислоҳотлар исботлаб берди. Хукумат нафақат саноатда, балки аграр соҳада ҳам кенг қамровли ислоҳотлар ўтказишга қарор қилди. Хитой жаҳондаги ҳайдаладиган ерларнинг 7 фоизига эга бўлишига қарамай, ер шари аҳолисининг тўртдан бир қисмини боқиши керак. Бир вақтлар халқаро ҳамжамият олдида “Хитойни ким боқади?” деган савол пайдо бўлган эди. Ўшанда Хитой раҳбарлари ва қишлоқ хўжалик бўйича мутахассислар “Хитойликлар ўзини ўзи боқа олади” деб ўз вақтида жавоб қайтаришгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Қишлоқларда ислоҳотлар бошланган 1978 йилдан бошлаб Хитойда аграр соҳа ривожлана бошлади. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунда Хитой ғалла, пахта, ёғ-мой, сабзавот-мева, гўшт, тухум етиштиришда жаҳонда етакчилик қилади.
Шуни таъкидлаш керакки, Хитой кичик бизнеси майда устахоналардан бошланган. Йиллар ўтиб кичик бизнес “Хитой мўъжизаси”ни яратди. Бугунги кунда Хитой матбуотининг ёзишича, “мамлакатда осмонўпар бинолар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб бормоқда”. Экспортга чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулотларнинг асосий қисми айнан кичик бизнес корхоналари хиссасига тўғри келади. Жаҳондаги электроника маҳсулотларининг катта қисми “Осмоности мамлакати” корхоналарида йиғилганини ҳам тан олиш керак. Жаҳон аҳолиси Хитой маҳсулотлари сифатидан қониқиш ҳосил қилмасада, барибир уларни сотиб олмоқда. Шуни эслатиб ўтиш керакки, мамлакатда арзон, шу билан бирга сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қўллаб-қувватланмоқда. Бунинг натижасида жаҳоннинг ҳар бир мамлакатида Хитой маҳсулотларини учратиш мумкин. Кўпчилик итальян пойабзали, инглиз кастюм-шими, швейцария соатидан фойдаланишидан фахрланиши мумкин. Бироқ фахрланишга (тўғрироғи, мақтанишга) шошилиш керак эмас.
Агар диққат билан қарайдиган бўлсак, (Африка, Австралия, Европа ёки Америкада бўладими) дунёнинг ҳар бир минтақасида истиқомат қилувчи оилаларнинг дастурхонидаги маҳсулотлардан тортиб маиший турмушда ишлатилаётган буюм ва жиҳозларнинг ҳаммасида “Made in China” тамғасини кўришимиз мумкин. Хитойда жаҳондаги машҳур брендли машиналарга ўхшаш автомобилларнинг ишлаб чиқарилаётганига ҳам тан бериш керак. Тўғри, ҳозирча Хитойда ишлаб чиқарилаётган автомашиналар сифати япон, немисларники даражасига ета олмаган, бироқ хитойлик мутахассислар қўлни қовуштириб, хотиржам ўтиришаётгани йўқ. Бу мамлакат тадбиркорлари жаҳонда янги пайдо бўлган ҳар қандай маҳсулотни ишлаб чиқаришни ўзлаштириб олишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган.
Экспертлар Хитойдаги иқтисодий тараққиётга баҳо беришар экан бунга мамлакат аҳолисининг миллий менталитети асосий омил бўлаётганини таъкидлашмоқда. Чунки, меҳнатни иқтисодий фаровонлик омили билан бир қаторда миллий қадрият деб билган хитойликлар ўзларининг тадбиркорликлари ва меҳнатсеварликлари билан фаҳрланишади. Тарихий манбаларда “Осмоности” давлати деб тилга олинган қадимий Чин мамлакати халқининг тадбиркорлиги, ишбилармонлиги, мехнатсеварлиги ва қолаверса, хукуматнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши билан чинакамига осмонга чиқди.
Ўтган асрнинг 60 йилларидаги “катта сакраш” ва “маданий инқилоб” туфайли 1976 йил сўнгига келиб, Хитой чуқур иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий инқироз ёқасига келиб қолди. Хитой матбуоти ёзганидек, 1966-1976 йиллар мамлакатни ортга улоқтириб ташлаган “йўқотилган ўн йилликлар” даври бўлди. Мамлакат иқтисоди бутунлай таназзулга учраган, юз минглаб аҳоли қашшоқликда ҳаёт кечирарди. 1978 йилда импорт маҳсулотларини харид қилиш учун ҳам валюта етишмас эди. Технология бўйича Хитой ривожланган мамлакатлардан бир неча ўн йил ортда қолиб кетган эди. Аҳолисининг 70 фоизи қишлоқларда истиқомат қиларди. Уларнинг даромади яшаб қолишгагина етарди. Қўшимча маблағ топиш қатьиян ман қилинган эди.
Мамлакатнинг “буюк илҳомчиси” Мао Цзэдун (1976 йил сентябрда) вафот этганидан сўнг ҳокимиятга Хуа Гофэн келади. У Мао Цзэдун сиёсатини давом эттиришини айтади. Шу билан бирга раҳбарият ичида пинҳона кураш бошланди. Охир оқибат Дэн Сяопин бошчилигидаги прагматиклар ғалаба қозонади. 1977 йилнинг июнида Дэн Сяопин раҳбарлик лавозимларига сайланади. У партия раиси ўринбосари, Ҳарбий Кенгаш раисининг ўринбосари, Хитой Халқ Озодлик армияси Бош штабининг бошлиғи, ХХР Давлат кенгаши раисининг ўринбосари лавозимларни эгаллайди. 70-йилларнинг охирига келиб Дэн Сяопин амалда партия ва мамлакат етакчисига айланади.
Унинг ғояси бўйича тўрт йўналиш – қишлоқ хўжалиги, саноат, армия ҳамда фан ва техника тубдан ислоҳ этилиши керак эди. 1978 йилнинг 22 декабрида тарихий қарор қабул қилинади – Дэн Сяопин ва унинг ҳаммаслакларининг ташаббуси қўллаб қувватланади ҳамда “пролетариат диктатураси остида инқилобни давом эттириш” ғоясидан воз кечилади. Шу тариқа мамлакатда кенг қамровли модернизация жараёнлари бошланади. Унга кўра, янги “ислоҳатлар ва очиқлик” сиёсати тасдиқланади.
Шу тариқа хорижий капиталларни жалб қилиш, фан-техника ютуқларидан самарали фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор кучайди. «Ҳозирги дунё – кенг алоқалар дунёсидир. Хитой ёпиқлиги туфайли ҳам ўтмишда қолоқ эди. ХХР ташкил этилгандан сўнг бизни яккалаб қўйишди. Шунингдек, бизнинг ўзимиз ҳам ёпиқ эдик. 30 йиллик тажрибамиз ёпиқ эшиклар ортида қурилишни амалга ошириб бўлмасликни, тараққиётга эришиб бўлмасликни кўрсатди”, деган эди Дян Сяопин. Шунда у “оқми, қорами – рангининг фарқи йўқ, мушук бўлсин – сичқон тутсин”, деган эди.
Зарур сиёсий шароитлар яратилганидан сўнггина Дэн Сяопин кенг қамровли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишга муваффақ бўлди. Дэн Сяопин Хитой воқелигидан келиб чиққан ҳолда режали иқтисоддан бозор иқтисодиётига ўтиш назариясини ишлаб чиқди. Шу сабабли ҳам уни Хитой ислоҳотларнинг буюк отаси дея таърифлашади. Хитойнинг аввалги ва ҳозирги раҳбарлари Дэн Сяопин ғояларига содиқ эканликларини айтишади.
Ўтган асрнинг 50 йилларида Дэн Сяопин ва Мао Цзэ-дун Хитой тараққиёти борасида кўп баҳслашган. Мао “катта сакраш” сиёсатини илгари сурар ва замонавий технологияларни ишлатмасдан аҳолини кенг жалб қилган, аммо хусусий тадбиркорлардан воз кечган ҳолда иқтисодиётни юритиш лозимлигини айтарди. Бу назарияга Дэн Сяопин қарши чиққани боис ҳам сургун қилинади. Кейинчалик ҳокимиятга қайтган Дэн қишлоқ хўжалик коммуналларни бекор қилади ва Хитойни тўлалигича ўзини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайдиган давлатга айлантиради. Дэн Сяопин атиги бир марта Маони танқид қилар экан, хатоларга йўл қўйган “буюк марксчи, пролетар инқилобчиси” дея атаган. Бошқа у ҳақда танқидий фикрлар билдирмаган. Шу тариқа ўтмишга нуқта қўйган Сяопин ғарб мамлакатлари билан мулоқотларни йўлга қўйди ва иқтисодиётни кўтаришда Япония тажрибасидан фойдаланишни тавсия қилди.
1979 йилда Дэн Сяопин АҚШга ташриф буюрди ва Оқ уйда президент Жимми Картер билан учрашди, молиячилар билан Хитойни қандай қилиб модернизация қилиш ва саноати ривожланган мамлакатга айлантириш масаласида маслаҳатлашувлар ўтказди. Қийинчилик ва қарама-қаршиликларга қарамай Хитой белгиланган йўлдан оғишмай олға юрди. Соҳил бўйида жойлашган шаҳарлар саноати гуллаб яшнаган марказларга айланди. Бу эса мамлакатнинг ривожига омил бўлди. Махсус иқтисодий зоналар сони ортиб борди, юқори ва янги технологиялар зоналарига ҳам катта эътибор қаратилди.
Дэн Сяопин шиорларга ўч эмас эди. Унинг шиори битта: “одамлар ўтган йилга нисбатан бу йил яхшироқ яшасин”, эди. Ислоҳатлар шу қадар донишмандлик билан олиб борилдики, одамлар йилдан йилга бир йил аввалгига нисбатан яхшироқ яшай бошлади. Бундан рози бўлган хитойликларнинг айтишларича, ҳозирги ҳаётларидан розидирлар. Дэн Сяопин ислоҳотлар ўтказар экан бир нарсани – у ҳам бўлса марказий хокимиятни бўшаштирмасликни англаб етди. Ислоҳотлар шошма-шошарлик билан эмас, етти ўйлаб бир кесган ҳолда олиб борилди. Дэн Сяопин Хитойни буюк давлатлар қаторига олиб чиқишни орзу қиларди ва бу орзусига эришди. Айни дамда Хитой замонавий саноати тезлик билан тараққий этаётган, фан ва маданияти ривожланган мамлакат дея тан олинган.
Шу ўринда 2017 йилнинг 14 сентябрь куни Forbes томонидан Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев юритаётган ички ва ташқи сиёсатга доир эълон қилинган мақолага қаратмоқчи эдим. Унда таъкидланишича, Марказий Осиёнинг қадимий давлати ҳисобланган Ўзбекистонда ҳозирда катта иқтисодий ислоҳотлар кузатилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташқи дунёга кўпроқ очилаётган ўзбек етакчиси сифатида қайд этилмоқда. Баъзилар Шавкат Мирзиёевни буюк ислоҳотчи Дэн Сяопинга қиёслашмоқда. Дэн Сяопиннинг тарихдаги роли – Хитойни қудратли давлатга айлантирган иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси юртдошларимизда эртанги кунга ишонч туйғусини янада мустаҳкамлади. Барчамизни, шубҳасиз, эзгу мақсадлар йўлида фидойиликка ундади. Хориждаги ОАВга таянган ҳолда, ҳамкасбларимиздан бири ёзганидек, Мирзиёев залга Президент бўлиб кирди ва ундан Миллатнинг Лидери бўлиб чиқди.
2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилгани иқтисодий тараққиётимизни янги босқичга кўтаришига аминмиз. Президентимиз таъкидлаб ўтганганларидек, “Мурожаатномада баён этилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда ҳал қилувчи босқич бўладиган 2018 йил биз учун осон бўлмайди. Буни очиқ айтиш керак. Лекин, халқимиз таъбири билан айтганда, сув келса симириб, тош келса кемириб бўлса ҳам, танлаган йўлимиздан қайтмаслигимиз шарт. Нега деганда, бу ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзимиз ҳаракат қилмасак, ҳеч ким бизга беғараз ёрдам бермайди”.
Шарофиддин Тўлаганов, халқаро шарҳловчи