Элнур Абдураимов: Профессионал боксда "НУР" тахаллуси остидан жанг ўтказади

Жаҳон ва Осиё чемпионатлари ғолиб ва совриндори, қатор халқаро турнирлар ғолиби, “Uzbek Tigers” жамоасининг собиқ аъзоси Элнур Абдураимов профессионал боксда фаолиятини бошлагани ҳақида хабар берган эдик.

Элнур 20 апрель куни Лас Вегасда ўзининг профессионал боксдаги биринчи жангини ўтказадиган бўлди.

Ушбу хабардан сўнг ЎзА мухбири Элнур Абдураимов билан суҳбатлашди.
– Ассалому алайкум Элнур! Бу хабардан хурсанд бўлдик. Айтиингчи илк жанг олдидан қандай туйғулар қалбингиздан ўтмоқда?
– Ассалому алайкум! Мени хар бир жанг олдидан бироз ҳаяжон босади. Бироқ бу қисқа вақт ичида ўтиб, жангда зафар қучиш ҳақида ўйлайман. Ҳозир ҳам шундай бўлмоқда ва мен ғалаба қозониш ҳақида ўйламоқдаман.
– Биламиз профессионал боксда ҳеч қачон осон жанг бўлмайди. Сиз илк жангингизда ким рақиб бўлишини билмайсиз. Бу сизга қийинчилик туғдирмайдими?
– Албатта рақиб ким эканини ҳозирда билмайман ва бу бироз машғулотлар жараёнида қийинчилик туғдирмоқда. Лекин Майамидаги “Fight Promotion” клубида мураббий Педро Диаз билан турли усулда машғулотлар ўтказмоқдамиз ва рақиб ким бўлишидан қатъий назар ғалаба қозонишга бор куч-ғайратимни сарфлайман.
– Профессионал боксда “NUR” тахаллуси билан жангларда иштирок этишингиз ҳақида хабар топдик. Нега айнан “NUR” тахаллусини танладингиз?
– Мен профессионал боксга эндигина кириб келдим. Ҳаваскор боксдаги мусобақаларда бир қатор муҳим мусобақаларда ғолиб бўлдим. Эндиликдаги мақсадим профессиоан бокс оламида ёрқин нур каби порламоқчиман. Шунинг учун ҳам бу тахаллусни танладим.
– Самимий суҳбат учун раҳмат. Спортчилик фаолиятингизда улкан ғалабалар доимо ёр бўлсин.
– Илоҳим айтганингиз келсин.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА