Шу кунларда Мельбурнда теннис бўйича Австралия очиқ чемпионатининг саралаш мусобақалари бўлиб ўтмоқда.

Турнир директори Крейг Тайли бу галги мусобақада иштирок этаётган теннисчиларга COVID-19 тестларини топширишлари шарт эмаслигини ва вирусни юқтирган тақдирда ҳам ўйнашга рухсат берилиши мумкинлигини тасдиқлади.

Нуфузли мусобақанинг илк босқичида қатнашаётган ҳамюртимиз Нигина Абдураимова саралашнинг биринчи даврасида испаниялик Лейре Ромеро-Гормазга қарши кортга чиқди ва 1 соат-у 52 дақиқа давом этган баҳсда 2:6, 6:3, 6:2 ҳисобида ғалабага эришиб, иккинчи босқичга йўл олди.

Эртага, 10 январь куни бўлиб ўтадиган иккинчи даврада Нигина америкалик Кети Колинесга қарши кортга чиқади. Айтиш лозимки, Кети рейтингда 115-ўринни эгаллаган бўлса, Нигина 176-поғонада бормоқда.

Яна бир эътиборли ҳолат, Абдураимова Австралия очиқ чемпионати саралаш босқичининг иккинчи даврасига чиқиши туфайли WTA рейтинги учун 20 очко жамғаришга муваффақ бўлди.

16-29 январь кунлари бўладиган мазкур нуфузли мусобақада аёллар теннисининг етакчилари бўлган япониялик Наоми Осака, АҚШ вакиласи Венера Уилямс иштирок этмайди.

Шунингдек, жароҳати туфайли аёллар теннисида рейтинг пешқадами полшалик Иги Свентек, британиялик Эмма Радукану каби теннисчилар Австралия очиқ чемпионатида қатнашиши гумон остида турибди, дейилади insidethegames сайти хабарида.


Т. Рўзиев, ЎзА