Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тайёрлаган ва нашр қилган “Ислом Каримов – мустақил Ўзбекистон асосчиси” китоб альбомини кутубхонага туҳфа этиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова, бир қанча ташкилот вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Тақдимотдан мақсад буюк давлат ва сиёсат арбоби И.А.Каримовни ибратли ҳаёт йўлини кенг жамоатчилик, айниқса, ёшларга таништириш, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштиришдан иборат.

Мазкур китоб-альбомда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Президентимиз ҳақида айтган илиқ фикрларидан иборат сўзбошиси келтирилган.

Китоб-альбомда биринчи Президентимизнинг турли йиллардаги фаолиятига оид ноёб суратлари, хорижий давлат раҳбарлари, давлат ва сиёсат арбоблари, турли соҳа вакилларининг Ислом Каримов ҳақидаги самимий дил сўзлари, фикрлари жой олган.

Бир қанча нусхадаги китоб-альбомдан кутубхона фойдаланувчилари истаганича фойдаланиши мумкин. Янада кўпроқ қулайлик яратиш учун кутубхона ходимлари томонидан китобнинг электрон кўриниши ҳам тайёрланмоқда.

 

Инобат Аҳатова, ЎзА