Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 21 декабрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

«Тошкент» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Давлат раҳбарлари бир-бирларини самимий қутлаб, қисқа суҳбат ўтказдилар.

Ўзбекистон ташқи сиёсатда бошқа мамлакатлар, хусусан, қардош Қозоғистон Республикаси билан ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидан бормоқда. Сўнгги йилларда ҳар томонлама алоқалар янада мустаҳкамланди.

Шу ўринда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик динамикасига тўхталиб ўтиш ўринли.

Қозоғистон ҳудудида Ўзбекистон резидентлари иштирокида 1 минг 400 дан зиёд корхона ташкил этилган. Қозоғистонда саноат кооперациясининг йирик лойиҳалари амалга оширилмоқда, хусусан, Костанай, Чимкент ва Туркистонда “Ravon” автомобилларини йиғиш, маиший техника ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Ўзбекистонда эса Қозоғистон капитали иштирокидаги 1 минг 100  дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Беш йил аввал бу кўрсаткич деярли 6 баробар кам эди. Фақатгина жорий йилнинг 9 ойида 130 та қўшма корхона ташкил этилган.

Шундан сўнг Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига борди. Олий мартабали меҳмон Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.

Она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида – Мустақиллик монументи ҳақида Президент Қосим-Жомарт Тоқаевга сўзлаб берилди. Ўз навбатида олий мартабали меҳмон “Янги Ўзбекистон” боғи, ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берди.

Шу ўринда энг юқори қисмида Ҳумо қуши тасвирланган мажмуа ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш жоиз. Мажмуа 2021 йил истиқлолимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган. Унда мамлакатимизнинг қадим ва бой тарихи, бугунги куни билан боғлиқ энг муҳим воқеалар акс этган. Буюк аллома ва жаҳонгир боболаримизнинг сиймолари эса қалбларга ғурур бағишлайди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланди. Ҳар икки давлат раҳбарлари ўзаро алоқаларни сиёсий, иқтисодий, инвестиция, фан-техника, маданий-гуманитар соҳаларда янада комплекс ривожлантириш, олий, юқори ва бошқа даражаларда конструктив ва ишончга асосланган мулоқотни кенгайтириш тарафдори эканлигини таъкидлаш лозим.

Икки мамлакат ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик стратегияси қабул қилингани иқтисодиёт ва товар айланмасининг ўсишига туртки берди.

Бунинг натижасида 2017 йилдан буён икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо икки бараварга, яъни 2 миллиарддан 4 миллиард долларгача ўсди ва у изчил ошиб бормоқда.

Хусусан, 2021 йилда давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми 3,9 миллиард долларни ташкил қилган. 2022 йил январь-ноябрда 4,2 миллиард долларга етган.

Ўзбекистон Қозоғистонга транспорт воситалари, озиқ-овқат товарлари, турли хизматлар, пластмасса ва ундан ясалган буюмлар, тўқимачилик маҳсулотлари, қора металлар ва бошқаларни экспорт қилмоқда.

Қозоғистондан ун маҳсулотлари, қора металлар, улардан ясалган маҳсулотлар, энергия маҳсулотлари, руда ва шлак, қурилиш материаллари, транспорт воситалари ва бошқалар импорт қилинмоқда.

2021 йил сентябрь ойида Хива шаҳрида “Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро форуми бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон маданият вазири ўринбосари иштирок этди.

2021 йил 6-8 декабрь кунлари Остона шаҳрида “Ўзбек киноси кунлари” ташкил этилди, жорий йил ноябрь ойида Қозоғистон шаҳарларида “Ўзбек маданияти кунлари” бўлиб ўтди.

Шу йилнинг 19 декабрида Тошкентдаги Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида атоқли қозоқ ёзувчиси, файласуфи, шоири ва бастакори Aбай Қўнонбоев меросига бағишланган кўргазма очилди.

Ўзбек ва қозоқ халқлари нафақат яқин қўшни, балки қардош сифатида ҳам кўп қиррали ҳамкорликнинг барча масалалари бўйича азалдан бир-бирларини қўллаб-қувватлаб келганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳар икки мамлакат тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиз.

Давлат ташрифи билан мамлакатимизга келган Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида “Кўксарой” қароргоҳининг Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экди.

Маросим Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларида янги давр бошланаётгани, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликни қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида янада мустаҳкамлашга қатъий интилишнинг ифодаси бўлди.

Қозоғистон етакчисининг мамлакатимизга давлат ташрифи асосий тадбирлари 22 декабрь куни бўлиб ўтади.

Олий даражадаги музокаралар якунида тарихий аҳамиятга эга битимларнинг имзоланиши кутилмоқда. Биргаликда йирик инвестиция лойиҳаларини бошлаб бериш ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказиш кўзда тутилган.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбирлари