Барчага маълум, дунёда табиий ва тоза маҳсулотларга талаб ҳар доим юқори бўлган. Бу инсон соғлиғи учун ҳам муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ҳам мамлакатлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қаерда ва қандай ҳолатда етиштирилгани, уларнинг сифатига алоҳида эътибор қаратади.

Демак, “яшил” оламни самарали ҳимоя қилиш, сифатли ҳамда юқори ҳосил олиш долзарб вазифадир. Бу жараёнда ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимининг ўрни беқиёс.

Қишлоқ хўжалиги қўшимча имкониятларга бой соҳа. Ушбу тизим нафақат мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайди, балки иқтисодиёт тараққий этишида ҳам катта аҳамиятга эга. Шу боис, кейинги йилларда аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва уни бозор талабларига мослаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ўсимликларни ҳимоя қилиш йўналиши тубдан ислоҳ этилиб, ўсимликлар карантини хизматини яхши йўлга қўйиш, соҳага илм-фан ютуқларини олиб кириш, малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳага илму фан ютуқларини жорий этиш, инновацион технологиялардан фойдаланиш орқали тизимни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агроном инспекторларининг олдида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатли етиштиришда кўмак бериш ва унинг экспортбоплигини ошириш, далалардаги даромад манбаларини турли хил зараркунанда ва ҳашаротлардан ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш  вазифалари турибди. Бугунги кунда Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг  инспекторлари деҳқончилик  маҳсулотларини  етиштиришда, “даладан – дастурхонгача” бўлган жараёнда деҳқонларга кўмакчи бўлмоқда.

– Бошқарманинг туманларга бириктирилган инспекторлари томонидан ҳудудлардаги ҳар бир маҳалла ҳолати ўрганилмоқда, хонадон ва ер эгалари билан суҳбатлар ўтказиляпти. Хонадонлардаги мавжуд иссиқхоналар ҳолати кўздан кечирилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспектори Жамшид Турсунов. – Зарарли организмларни аниқлаш жараёнлари шу ернинг ўзида, сайёр лаборатория ёрдамида амалга оширилиши йўлга қуйилган. “Карантин хизмати – деҳқонга кўмакчи” дастури доирасида айни кунларда пойтахтимиздаги мавжуд  иссиқхоналарда мониторинг назорат тадбирлари ташкил этилмоқда. Тадбирлар давомида экинларда учровчи зарарли организмларнинг таркиби, уларнинг доминант турлари, тарқалиши ва биэкологик ривожланиш хусусиятлари аниқланиб, уларга қарши уйғунлашган кураш усуллари кенг қўлланмоқда.

 

Шаҳноза Маматуропова, 

ЎзА