Энергетика вазири бошчилигидаги махсус штаб томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида юридик истеъмолчиларнинг табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари бўйича назорат тадбири ўтказилди.

Тошкент шаҳар Бектемир тумани Ҳусайн Бойқаро кўчаси Кичик саноат ҳудудида жойлашган «Jasmin Aleks» МЧЖга қарашли қоғозни қайта ишлаш корхонаси, «Supper Xaus Ruf» МЧЖга қарашли шифер ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган «BEAUTY GLASS DECOR» МЧЖга қарашли шишани қайта ишлаш корхонаси текширилганда, уларга куз-қиш мавсумида табиий газдан ажратилиши белгиланган бўлишига қарамасдан «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали томонидан табиий газ етказиб берилаётганлиги аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур истеъмолчилар томонидан кунлик фойдаланилаётган 31 000 минг метр куб табиий газ, ўртача 1 500 та хонадоннинг бир кунлик истеъмолини ташкил қилади.

Ҳолат юзасидан барча ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун прокуратурага топширилди. Ҳозирда дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳудудлар бўйлаб назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

ЎзА